Урганч ва Яккабоғдаги машмашалар, Президент ташрифидан кейинги бўшатишлар ва бошқа хабарлар
Жамият
−
27 Июль 2019
701327июлда юз берган энг муҳим воқеларнинг қисқача тафсилоти.
Президент ташрифидан кейин икки туман “тўртлиги” бўшатилди
Самарқанд вилояти Самарқанд ва Жомбой туманлари 4 сектор раҳбарлари ишдан олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Кеча, 26 июль куни Самарқанд туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашди. Йиғилишда, Самарқанд тумани ҳокими Шуҳрат Жамолов ва Жомбой туман ҳокими Умиджон Назаров ҳамда қолган 3 сектор раҳбарлари эгаллаб турган вазифаларидан озод этилган.
“Ҳумо” қуши шаклидаги аэропорт бўйича швейцар компанияси билан келишилди
“Тошкент-Шарқий аеродром базаси асосида қуриладиган янги аэропорт комплекси “Ҳумо” қуши шаклида бўлади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда Швейцариянинг “Mabetex Group” таркибига кирувчи “B&A Contractors SA” ва “IT Engineering SA” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Тошкент-Шарқий аеродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аеропорт комплексини қуриш” лойиҳаси доирасидаги “Терминал-2”ни барпо этишда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Россияда ўзбекистонликлар кетаётган автобус тўхтатилди
Россия Федерацияси таркибига кирувчи Мордовия Республикасида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган автобус тўхтатилди. Ўзбекистонликлар кетаётган автобус “Темников-Барашево-Теньгушево” автомобиль йўлининг 11-кмда тўхтатилган. Минтақавий Дававтоинспекцияси маълумотига кўра, “Москва-Ўзбекистон” йўналишида ҳаракатланган транспорт воситасида 60 нафар ўзбекистонлик бўлган. Йўловчиларнинг миграция бўйича қайдларини текшириш учун автобус полиция бўлимига олиб борилган.
Тунги клубдаги ҳодисада ўзбекистонликлар ва ЖЧ иштирокчилари жабрланди
Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳридаги тунги клубда юз берган бахтсиз ҳодисада икки нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди. Бугун, 27 июль куни Кванжудаги тунги клубда осма қават қулаши натижасида икки киши ҳалок бўлган ва 17 нафари жароҳатланган. Маълумотларга кўра, 2,5 метр баландликдаги қурилма оғирликни кўтара олмай қулаган. Гувоҳларнинг айтишича, қулаш вақтида осма қаватда 100 нафарга яқин одам бўлган.
Зеленскийдан Россия билан авиақатновларни тиклашни сўрашди
Украина аҳолиси Президент Владимир Зеленскийдан Россия билан ҳаво қатновини тиклашни сўради. Петеция матнида таъкидланганидек, ҳаво алоқалари бекор қилингани сабабли, биринчи навбатда ўз оилаларини кўра олмаётган украиналиклар азоб чекмоқда.
Бош вазир шаҳардаги шанбаликда иштирок этиб, ахлат йиғди
Қозоғистонда “Бирга-Тоза Қозоғистон” экологик шанбалиги ўтказилди. Унда мамлакат Бош вазири Асқар Мамин бошчилигида Ҳукумат аъзолари, пойтахт ҳокимияти ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар, кўнгиллилардан иборат 5 мингдан ортиқ ҳашарчилар иштирок этиб, Нур-Султон (Остона) шаҳридаги дарёлар ва сув омборларини тозаладилар.
Хоразмда уйи бузилган аҳоли намойишга чиқди
Ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳри “Ашхобод” маҳалласида яшаган ва давлат манфаати учун уйи бузилган фуқаролар Хонқа туманига борувчи автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Можаро баъзиларга компенсация пулининг тўланмаганидан келиб чиққан. Уйи бузилганига икки ой бўлган одамлар охири норозилик намойиши билан кўчага чиққан. Куннинг иссиғида шунча вақтдан бери бузилган уй эвазига берилган чодирда яшашнинг ўзи бўлмайди, ахир. Иложи бўлса, ўша масъуллар одамларнинг бутун бошли уйини бузиб, чодир ва қуруқ ер бериб қутулиб қолишга уринади.
Бу ваҳшийлик! – Давлетов Хоразмдаги воқеалар ҳақида
“Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмаслик, ахир бу ваҳшийлик-ку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди!”, дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов Хоразмдаги воқеалар ҳақида.
Қашқадарё ҳокими амалдорни ёқиб юборган тадбиркор ишини ҳал қилди
Бугун, 27 июль куни Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” қўрғончасига келиб, аҳоли билан учрашди. Зафар Рўзиев Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевга бензин сепиб, ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг рафиқаси Нодира Ҳайдарова ҳамда фарзанди Шарофиддин Даминов билан якка тартибда мулоқот ўтказган.
Москвада намойиш. 400 нафардан ортиқ одам ҳибсга олинди (видео)
Бугун, 27 июль куни Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида норозилик акцияси ўтказиляпти. Намойишчилар Москва шаҳар думаси учун сайловларга мустақил номзодларни рўйхатга олишни талаб қиляпти. Намойиш шаҳар мэрияси ёнида Твер кўчаси ва шу номдаги майдонда шаҳар маъмурияти ҳамда полиция билан келишилмаган ҳолда ўтказиляпти. Акция маҳаллий вақт билан 14:00 да бошланган ва ҳозиргача 435 нафардан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Яккабоғ ҳокими ва унинг ёқиб юборилган ўринбосари ишдан олинди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими Шоҳмурод Донаев, прокурори Жамшид Халилов ва тадбиркор билан юз берган можаро қаҳрамони – ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев лавозимидан озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ`нинг аниқлашича, ҳозирда Яккабоғда йиғилиш ўтказилади. Ана шу йиғилишда туман ҳокими, унинг ўринбосари ва прокурор эгаллаб турган лавозимидан олингани расман эълон қилинади.
Бош вазир кутилмаганда Хоразмга борди
Урганч шаҳрида уйи бузилиб, компенсация тўланмаган фуқаролар норозилик билдириб, Ҳонқа туманига олиб борадиган йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ манбаси хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳри "Ашхобод" маҳалласида истиқомат қилган аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликни жойига чиқиб ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижобий ҳал этиш учун Бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берган.
LiveБарчаси