Хоразмда уйи бузилган аҳоли намойишга чиқди

Жамият

photo_2019-07-27_15-22-32

Ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳри “Ашхобод” маҳалласида яшаган ва давлат манфаати учун уйи бузилган фуқаролар Хонқа туманига борувчи автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Можаро баъзиларга компенсация пулининг тўланмаганидан келиб чиққан. Уйи бузилганига икки ой бўлган одамлар охири норозилик намойиши билан кўчага чиққан. Куннинг иссиғида шунча вақтдан бери бузилган уй эвазига берилган чодирда яшашнинг ўзи бўлмайди, ахир. Иложи бўлса, ўша масъуллар одамларнинг бутун бошли уйини бузиб, чодир ва қуруқ ер бериб қутулиб қолишга уринади.

Норозиликлар бошланиб, масала йўлни тўсиб қўйишгача етиб борганидан кейин Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига чиқиб ҳолат билан танишган. Бу ҳақда ҳокимлик Матбуот хизмати хабар берди. Маълумотларга кўра, намойишда 200 нафарга яқин одам қатнашган.

Ҳокимлик ахборотига кўра, жорий йилнинг май-июнь ойларида Урганч шаҳридаги “Ашхобод” маҳалласида яшовчи аҳолининг уйлари бузилган. Уларга Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ўрни ажратиб берилган, аммо хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули тўланмай қолган.

Кеча, 26 июль куни Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғида одамлар норози бўлиб, соат тахминан 21:00 да Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишгани ва шу сабаб бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолган. Бундан хабар топган вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига бориб норози аҳоли билан мулоқотга киришган. Аҳолини тинчлантириб, 27 июль куни эрталаб соат 8:00 да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳини тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тинчланиб,тарқала бошлаган.

Бугун, 27 июль эрталабдан вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ ахоли билан учрашиш мақсадида келишган. Қайд этилишича, ҳозирда вилоят ҳокими ҳар бир хонадон эгаси билан шахсан ўзи учрашиб уларнинг талаб ва истакларини эшитиб шу юзадан амалий чора кўряпти. 

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳомиладор аёлларга қўшимча шароит ҳамда ер ажратиб бериляпти. Шунингдек, аҳолига текинга қум етказиб бериляпти. Ҳоким қурилиш молларини бозор нархидан ҳам 10 фоиз чегирма билан етказиб беришни шахсан ўз назоратига олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм Фарҳод Эрманов

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг