Бу ваҳшийлик! – Давлетов Хоразмдаги воқеалар ҳақида
Жамият
−
27 Июль 2019
9625“Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмаслик, ахир бу ваҳшийлик-ку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди!”, дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов Хоразмдаги воқеалар ҳақида.
Аввалроқ, Урганч шаҳри “Ашхобод” маҳалласида яшаган ва давлат манфаати учун уйи бузилган фуқаролар компенсация тўланмагани, улар кўчада, чодир тутиб яшаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу воқеа одамларнинг норозилигига, намойиш ўтказишига сабаб бўлди.
Айни дамда Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда Хоразмдаги воқеалар муҳокама қилинган.
“Мулк даҳлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланган давлатнинг ўзи йўқ бутун дунёда. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардан биридир ва барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда, ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада, уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди”, дейди вазир Давлетов.
Вазир сўзида давом этаркан, қонун устувор бўлиши керак бўлган бугунги даврда, қонунлар унутилаётганини очиқ айтди. Давлетовга кўра, уй – нафақат моддий бойлик, балки инсонларнинг хотиралари ҳамдир. У шундай дейди:
“Ҳамма шаҳарлар янгидан қурилади, эскиси бузилади, ободонлашади, бу табиий жараён, барча жамиятларга хос бўлган ҳолат. Лекин, XXI асрда яшаётган цивилизацион жамият сифатида барча ҳаракатлар учун ҚОНУН энг асосий мезон бўлиши керак, одамлар ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига, қонунни бузиш эвазига ҳеч қандай қурилиш ёки ободонлаштириш бўлиши мумкин эмас.
Шунинг учун, биз – адлия ходимларининг биринчи даражадаги вазифаси бу борадаги қонунбузилишларнинг олдини олишдир.
Уй-бузилиши қандай оғир масала эканлигини, ҳар бир ходим ўзини юрагидан ўтказиши керак, яъни оддийгина ўзларингни шу инсонларни, уларнинг фарзандларини ўрнига қўйиб кўринглар, бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Кейин яна битта жиҳатни эътиборга олинглар, гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас, уй-жой билан инсонларнинг шу уй билан боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб кулиб юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келяпти, бу юксак шахсий номоддий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир”
Амалиётдаги муаммолардан, билдирилган фикр мулоҳазалардан келиб чиқиб Адлия вазири адлия органлари ходимлари олдида турган муҳим вазифалар алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни билдирди:
– барча маҳаллий ҳокимликларни фуқароларни уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларга чек қўйишларини талаб қиламиз;
– бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимларини ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларига чақираман.
LiveБарчаси