Тунги клубдаги ҳодисада ўзбекистонликлар ва ЖЧ иштирокчилари жабрланди
Жамият
−
27 Июль 2019
5898Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳридаги тунги клубда юз берган бахтсиз ҳодисада икки нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди. Бу ҳақда Кореянинг “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Бугун, 27 июль куни Кванжудаги тунги клубда осма қават қулаши натижасида икки киши ҳалок бўлган ва 17 нафари жароҳатланган.
Маълумотларга кўра, 2,5 метр баландликдаги қурилма оғирликни кўтара олмай қулаган. Гувоҳларнинг айтишича, қулаш вақтида осма қаватда 100 нафарга яқин одам бўлган.
Бахтсиз ҳодисада икки нафар Корея фуқароси ҳалок бўлган. Жабрланганлар орасида Кванжуда ўтаётган сув спорти бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун келган 9 нафар спортчи ҳам бор.
Жами АҚШдан тўрт нафар, Янги Зеландиядан икки нафар, Нидерландия, Италия ва Бразилиядан бир нафардан спортчилар жабрланган.