Назарбеков журналистларга қарши “уруш очди”ми? (видео)
Жамият
−
31 Август
15414Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг яна бир чиқиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.
“Журналистларнинг “тили чиқмасдан” туриб, фақат артистларга ёпишишарди. Чунки энг “беззащитный” объект фақат санъаткор бўларди. Шунинг учун биз кўникканмиз. Қолганлар энди эшитяпти бунақа нарсаларни. 20 йил олдин журналистлар ҳеч кимни гапира олмас эди, лекин фақат бизни гапираверарди, фақат бизнинг устимизда гап эди. Шунинг учун биз анча кўникканмиз, аввалдан бизда сал кўникма бор бу нарсага”, дейди вазир ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода.
Назарбековнинг бу гапидан сўнг, кўплаб жамоатчилик фаоллари ва соҳа вакиллари вазирга эътироз билдирмоқда. Хусусан, журналист Насриддин Асриддинов амал Озодбек Назарбековни 180 градусга ўзгартирганини ёзди.
“Амал сизни анча ўзгартирди...180 градусга ўзгардингиз... Эссиз.. Сизни танитган ва машҳур қилган ҳам шу журналистлар бўлади... Илк бора ҳам биринчи мени кўрсатувимга сизни тавсия қилган ўша пайтда 1998 йилда “Катта танаффус”га устозингиз Муҳриддин Холиқов бўлади. Тилимиз чиққанда эса биринчи бўлиб “дада” ва “она” деб туғиламиз, артист деб эмас. Гапираман деса гап кўп. Лекин айнан шу соҳада мен каби фаолият олиб бораётган, бир умр санъат ва маданиятни ёритиб келаётган айрим журналистларга нисбатан сиз томондан яхши гап ҳам бўлмабди. Омадингизни берсин”, деб ёзган у Facebook’даги саҳифасида.
Шунингдек, Асриддинов вазир Назарбеков матбуот байрамлари куни муносабати билан бошқача гапларни айтишини эслатди ва уни ҳамиша бир хил бўлишга чақирди.
Блогер Зафарбек Солижонов эса вазир тўғри гапни айтганини, бироқ бунинг бошқача талқини борлигини ёзди.
“Озод аканинг бу гапи нега сизларга ёқмади? Тўғри гапиряпти. Лекин деган жойи бор. “Тили чиқмай” эмас, “тилини чиқаришга йўл қўйишмаган”. Нима учун сизларни танқид қилишган? Чунки аввалги ҳукумат сизлардан “гуллаган диёр, жаннат” деган иллюзия учун фойдаланган. Шунга бадал тўлагансиз, солиқ тўламай маза қилиб юргансиз. Ҳукумат сизларнинг сиёсатдаги “хизматингиз”дан воз кечишни бошласагина вазият ўзгара бошлайди. Чунки Эминем чиқиб, “абадий баҳорим, жон Америкажон” демайди”, дейди блогер.
Қайд этиш жоизки, олдинроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “Дунё садолари” халқаро фестивали бўйича журналистлар билан Хонобод шаҳрида ўтказилган мулоқотда “Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади, холос, бошқа нарса бўлмайди” деган ва бу гаплар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодбек Назарбеков одамлар “Овоз” лойиҳасига ажратилаётган маблағларни маломат қилаверишса, ўз уйини сотиб, пулларни давлатга қайтаришини маълум қилганди. “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими давомида журналистларга берган интервьюсида эса Назарбеков фестиваллар ўтказиш кўчани асфальт қилишдан муҳим эканини айтганди.