Ҳадеб маломат қилаверсангиз, уйимни сотиб бўлса ҳам 2 миллиардни тўлайман – Назарбеков (видео)
Маданият-санъат
−
16 Август
86283Маданият вазири Озодбек Назарбеков одамлар “Овоз” лойиҳасига ажратилаётган маблағларни маломат қилаверишса, ўз уйини сотиб, пулларни давлатга қайтармоқчи. Бу ҳақда у бугун, 16 августь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бир нарсани тўғри тушунинглар, “The voice” ёки “Овоз” лойиҳасининг ўзи етарли бизга. Бу Ўзбекистоннинг имижини кўтаришга хизмат қилади. Агар шунинг учун 2 млрд ажратиш жиноят бўлса, майли, мен розиман. Ўзбекистоннинг имижи учун 76 та давлатда энг топ бўлиб турган, бутун дунёдаги ягона мусиқий шоуга ажратилган 2 млрд сўмни маломат қилаверсангиз, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман шу пулларни”, деди у.
Вазир Назарбеков лойиҳанинг халқаро аҳамияти ҳақида тўхталар экан, қўшни давлатлардан унда иштирок этиш бўйича таклифлар тушаётганини қўшимча қилди.
“Шу лойиҳанинг Ўзбекистонга кириб келганининг ўзи Марказий Осиё давлатларининг кўзини очиб қўйди. Ҳаммаси менга телефон қилиб, қачон биз ҳам қатнашамиз, деб сўраяпти. Ахир мамлакатнинг имижи учун шу керакмасмиди бизга? Битта спортчи ҳам бир жойга бориб юртнинг имижини кўтариб, шу ишни қиляпти-ку аслида. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг талантларини бирданига халқаро майдонга кўрсатиб қўйяпти. Уларни 76 та давлатда кўришяпти. Улар Ўзбекистон деган давлатни харитадан излашга тушяпти. Қаерда у, деб сўраяпти. Менга шу керак эди. Бу бренднинг овоза бўлгани керак эди. Шу кўрсатув орқали бизга Кубадан ҳам иштирокчилар келмоқда. Менга ишонинглар, бу республикада истеъдодларнинг юзага чиқиши учун, имижни кўтариш учун хизмат қиладиган лойиҳа”, деди Назарбеков эътирозларга жавобан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазирлиги лойиҳа учун ажратилаётган харажатлар телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этиши ҳақида баёнот берган эди.
Ҳулкар Муртазоева