Жўраевлар судининг муҳокамаси Судьялар олий кенгашининг энсасини қотирди
Маданият-санъат
−
17 Сентябрь
60024Хабарингиз бор, 11 сентябрь куни Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида хонанда Ботир Қодировнинг оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъвоси бўйича суд иши кўриб чиқилди ва қарор ўқиб эшиттирилганди. Ижтимоий тармоқларда мазкур суд ишининг муҳокамаси суд қарори ўқиб эшиттирилгандан кейин ҳам давом этмоқда. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати шу вазиятга муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб, энсани қотирадиган даражага етдики, бу ҳақда икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча, аслида. Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги “виртуал мусоҳабаларда” ишни биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”, дейилади муносабатда.
Гап блогер Жасур Ҳамроевнинг ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар “қўли узун экани”, гўёки “...унинг узун қўллари судьягача етиб боргани”ни очиқ иддао қилгани ҳақида кетмоқда.
“Бундан ташқари, судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю, суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонини “бу не кўргилик?!” деб, вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда”, дейилади расмий муносабатда.
Шу ўринда, Судьялар олий кенгаши, кимнингдир гўёки “узун қўллари судьягача етиб борган”ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблашини ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилишини билдирган.