Ботир Шералининг ўғли бўлиб чиқди
Маданият-санъат
−
11 Сентябрь
17612Бугун, 11 сентябрь куни Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида Ботир Қодировнинг даъвоси бўйича суд иши кўриб чиқилди ва қарор ўқиб эшиттирилди.
Мазкур суд қарори бўйича Қодировнинг ўзи муносабат билдириб, суд адолатли ўтгани ва ҳар доим Ўзбекистон суд тизимига ишониб келганини маълум қилди.
“Қарор одилона бўлганлигидан хурсандмиз. Мен Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида суд тизимига доим ишонганман ва ватанимизда қонун устувор эканига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман”, деди Ботир Қодиров.
У укаси Шоҳжаҳон Жўраевнинг мол-мулк ҳақидаги гапларига ҳам муносабат билдириб ўтди. Маълум бўлишича, Қодировнинг бу суддан ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги йўқ.
“Биз бошида ариза ёзганимизда мерос ҳуқуқларимни таъминлаб беришларини сўраганман. Агар муддаойим мулк бўлганда аризага мерос мулкий ҳуқуқларимни дея ёзиб берган бўлардим.Мерос ҳуқуқига отанинг номи, унинг суратлари, қўшиқлари кириши мумкин. Масалан, олдин ҳам мен қўшиқларини айтганимда улардан уйимга огоҳлантириш хати келарди. Мен бошиданоқ мерос дейилганда мол-мулк тушунилиши-тушунилмаслиги ҳақида сўраганман. Ундай эмас”, деди у.
Хўш, энди ижтимоий тармоқлардаги тортишувлар тугайдими? Ака-укалар ўзаро келишиб олиб, душманлик кайфиятига барҳам бера оладими? Ботир Қодиров халқдан укаларини кечиришни сўрамоқда.
“Менда ҳеч қачон уларга нисбатан душманлик кайфияти бўлмаган. Улар ёшлик қилишди, адашишди. Халқимиздан, мухлисларимиздан уларни кечиришни сўрайман. Уларни шайтон йўлдан урди. Менинг уларга нисбатан ҳеч қандай адоватим ҳам, душманлик кайфиятим ҳам йўқ. Тўғри, улар менинг ва онамнинг шаънига жуда ҳам хунук гапларни айтишди. Ҳатто яқин кунларда ҳам худди шундай ёлғон, туҳмат, бўҳтонлар айтилишда давом этди. Булар бўйича тегишли ташкилотлар шуғулланмоқда”, деди Ботир Қодиров.
Қолаверса, Қодиров Маданият вазирининг “уч тирранча Шерали Жўраевнинг обрўсини тўкаётгани” ҳақидаги фикрларини тўғри деб ҳисоблайди.
“Вазиримизнинг гаплари тўғри бўлган, албатта. Қайсидир маънода бу масалани ўзимиз, ўзаро оилавий ҳал қилиб олишимиз керак эди. Мен 6 ой давомида судга келиб, гаплашиб олишни айтиб чақирганимда улар рад этишди. Аслида масала бу даражагача келиши керак эмас эди. Ниятим ҳам шу эди асли. Лекин онани гапирса, ким жим тура олади?” деди у.
Шунингдек, у уни қўллаб-қувватлаганларга ўз миннатдорлигини билдирди.
LiveБарчаси