Жулиан Ассанж ва яна икки “бошоғриқ” Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди

Олам

image

Нобель мукофоти совриндори Мейрид Корриган Жулиан Ассанж, Челси Мэннинг ва Эдвард Сноуденни тинчлик бўйича Нобель мукофоти учун номзод сифатида илгари сурди. Бу ҳақда Корриганнинг Нобель қўмитасига юборган хатида сўз боради.

“Учаласи ҳам якка тартибда Нобель мукофотига даъвогар бўлган, аммо ҳали улардан ҳеч қайси бири бу мукофотни қўлга киритмади. Мен уччаласининг номини бирлаштириб, номзод сифатида илгари сурганим сабаби оддий: улар ҳокимиятнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини якка тартибда фош қилиб, чексиз жасорат намуналарини намойиш этди... Улар ўз ҳаётини хавфга қўйгани ва фидойилиги инсон руҳининг буюклигини намойиш этмоқда”, деб ёзади Корриган.

Унинг сўзларига кўра, Буюк Британияда қамоқда сақланаётган Ассанжни Лондон суд 4 январь куни АҚШга экстрадиция қилишдан бош тортганига қарамай, хавф мавжудлигича қолмоқда. Ва Ассанж АҚШда “шафқатсиз, камситувчи, ғайриинсоний муносабатларга” дуч келиши, ҳатто ўлимга маҳкум этилиши ҳам мумкин. 

“АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама томонидан афв этилгунига қадар Ассанжга маълумот узатгани учун АҚШ қамоқхонасида етти йил ўтирган Челси Мэннинг (собиқ Бредли Мэннинг) ҳам Ассанжга қарши кўрсатма беришдан бош тортгани учун панжара ортига тушди”, дея қўшимча қилган Корриган.

Корриганнинг хатида АҚШ разведка хизматининг кенг кўламли махфий кузатув дастурларини очиб берган Сноуден ҳам тилга олиниб, унинг Россияда бошпана топгани ва умрбод қамоқ жазоси хавфи мафжудлиги учун ватани АҚШга қайтолмаётгани ҳақида сўз борган.

“Учала тинчлик курашчиси ҳам виждонларига эргашди ва ўз вазифасини муҳаббат билан бажарди. Ишончим комилки, қўрқув бўлган... Лекин уларнинг ҳар бири инсонларга хизмат қилиб, ажойиб ва улуғвор амалларга қўл урди”, дейилади Корриганнинг мактубида. 

Маълумот ўрнида, Корриган Шимолий Ирландиядаги можарони ҳал қилишдаги фаолияти учун 1976 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жулиан Ассанж Нобель Эдвард Сноуден

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг