ЖССТ огоҳлантирган сироп Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган — ССВ

Саломатлик

image

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Cold Out” йўтал сиропининг хавфли оқибатларидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур огоҳлантириш фонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази расмий муносабат билдирди.

ЖССТ маълумотларига кўра, “Cold Out” сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон)  томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.

Шунингдек, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда сифат талабларига жавоб бермагач, эркин савдодан қайтариб олинган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ушбу дори Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаганини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан фуқаролар хавотирга тушмаслигини билдирган.

“2023 йил февраль ойидан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган сироп шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликоль (ДЭГ) ва этиленгликоль (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлганди. Кейинроқ компания дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан  “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ огоҳлантириш токсинлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг