Жоржия Мелони тантанали кутиб олинди
Жамият
−
29 Май 5868 2 дақиқа
Самарқанд шаҳрида бугун, 29 май куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелонини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Конгресс маркази олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.

Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Шундан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Жоржия Мелони кеча, 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келганди. Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни шахсан Президент Мирзиёев кутиб олган. Шундан сўнг етакчилар Регистон майдони ва “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик боғида бўлди.

Италия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи асосий тадбирлари бугун, 29 май куни бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар ва бошқа қатор икки томонлама тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Эртага, 30 май куни эса Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Мелони аввалига 25-27 апрель кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга, кейин эса Қозоғистонга боришни режалаштирган эди. Бироқ 21 апрель куни Рим папаси Францискнинг вафоти ва ундан кейинги мотам тадбирлари туфайли ташрифлар қолдирилди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь