Жонсон Путиннинг мақсадини фалокатга тенглаштирди
Олам
−
22 Февраль 2022
7326Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Россияга унинг иқтисодий манфаатларига жиддий таъсир кўрсатадиган санкциялар билан таҳдид қилди. Бу ҳақда “Sky News” телеканалида айтилган.
“Санкциялар Россияга жуда қаттиқ таъсир қилади ва агар босқин бўлса, биз бундан ҳам кўпроқ нарсани қиламиз. Агар Россия компанияларига Буюк Британиянинг молиявий бозорларида капитални жалб қилишга рухсат берилмаса, бунинг зарари оғир бўлади”, деган сиёсатчи.
Жонсоннинг сўзларига кўра, Украинага кенг кўламли “босқин” содир бўлган тақдирда Россияга қарши қўшимча чоралар кўрилиши мумкин.
“Қўрқаманки, ҳамма нарса Президент (Россия Президенти Владимир — таҳр.) Путин ҳақиқатан ҳам Украинага кенг кўламли босқинни амалга оширишга, мустақил, суверен Европа давлатини эгаллаб олишга, бўйсундиришга қатъий қарор қилганидан далолат беради ва менимча, келинг, аниқ айтамиз бу бутунлай фалокат бўлади”, деган у.
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Дунё давлатлари Путиннинг қарорини қоралаб чиқди ва Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий қилиш арафасида. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини тутиб турадиган давлат компаниялари акциялари кескин арзонлашди.
LiveБарчаси