“Ҳуқуқларимиз бузилаётганига ишонамиз”. Жоли афғон қизи мактубини дунёга етказди
Олам
−
21 Август 2021
16053Америкалик машҳур актриса ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарининг махсус элчиси Анжелина Жоли Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда афғонлар ҳақидаги ҳикоялар билан бўлишиш учун Instagram’да рўйхатдан ўтди.
“Ҳозирда Афғонистон халқи ижтимоий тармоқларда эркин мулоқот қилиш ва ўз фикрини билдириш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Шунинг учун, мен ўз ҳикоялари ва ўз асосий инсон ҳуқуқлари учун курашаётган одамларнинг овозлари билан бўлишиш учун Instagram’га кирдим”, деб ёзган у кеча, 20 август куни.
Жоли ижтимоий тармоқдаги биринчи постида афғонистонлик ўсмир қизнинг мактубини жойлаштирган. Унда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келиши муносабати билан жамият ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз боради.
Қизнинг сўзларига кўра, олдин аёллар ўз ҳуқуқларини очиқ ҳимоя қилиши, ишлаши ва ўқиши мумкин бўлган. Ҳозир эса баъзилар “Толибон” ўзгарган”, деб ҳисобласа ҳам, жамиятда қўрқув бор.
“Кўпчилик уларни ўзгаргани ҳақида гапиряпти. Лекин мен бунга ишонмайман. Чунки, уларнинг жуда ёмон ўтмиши бор. Биз ҳуқуқларимиз бузилаётганига ишонамиз”, деб ёзган қиз.
Қиз, шунингдек, дарсларга олдингидек осон бора олмаётгани ҳақида сўзлаб, машғулотлар ёпилиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўз хавотирини билдирган.
Жоли бефарқ бўлмаганларни Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга чақирган. Жолининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтига аллақачон 4,2 миллион киши обуна бўлган.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” жорий йилнинг 15 август куни бутун Афғонистон ҳудудини ўз назоратига олганини ва ҳукумат кучлари билан қуролли тўқнашув тугаганини хабар қилди. 19 август куни эса ҳаракат мамлакатнинг Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлганининг 102 йиллиги муносабати билан Афғонистонни Ислом Амирлиги, деб эълон қилди.
2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди.