Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси номзодини эълон қилди
Олам
−
21 Май 2022
7420АҚШ Президенти Жо Байден мамлакатнинг Ўзбекистондаги навбатдаги элчиси сифатида узоқ йиллик тажрибага эга дипломат Жонатан Хеник номзодини кўрсатди. “Америка овози” нашрининг ёзишича, Оқ уй буни кеча, 20 май куни эълон қилган.
Номзод Конгресснинг юқори палатаси, Сенат тасдиғидан ўтиши керак. Американинг Тошкентдаги ҳозирги элчиси Дэниел Розенблюм фаолиятини бошлаганига уч йилдан ошди. Хеник тўлиқ тасдиқлангунча Розенблюм вазифасида давом этади.
Хеник яқингача Давлат департаментида Марказий Осиё бўйича бош дипломат вазифасини бажарган. У, шунингдек, халқ дипломатияси йўналишида узоқ йиллар хизмат қилган, бу борадаги дастурларга бош-қош бўлган. Хеник Туркия, Озарбайжон, Португалия ва Ўзбекистонда ҳам турли лавозимда фаолият юритган.
Айни дамда Хеник АҚШ Мудофаа университетининг Кибер хавфсизлик ва ахборот коллежида Давлат департаментининг масъулидир. У Глобал ўзаро алоқа маркази директори ўринбосари лавозимида ишлаган ва Россия, Хитой ва Эроннинг дезинформацияларига қаршилик кўрсатишни мувофиқлаштирган.
LiveБарчаси