Жиззахда террорчилик ташкилотларини молиявий қўллаган эркак қамалди
3-саҳифа
−
12 Ноябрь
6220Жиззах вилоятида халқаро террорчилик ташкилотларининг материалларини тарқатиб ва молиявий қўллаб-қувватлаб келган 27 ёшли йигит қамалди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Аниқланишича, Шароф Рашидов туманининг Куёвбоши маҳалласида яшаган фуқаро 2017 йилдан 2024 йилнинг баҳоригача Россияга бир неча марта бориб, савдо, ишлаб чиқариш ва қурилиш объектларида ишлаган. У шу вақтларда Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган халқаро террорчилик ташкилотларининг аудио ва видео материалларини эшитиб келган.
Бундан ташқари, ўзининг аккаунти орқали диний мазмундаги каналлар ва гуруҳларга аъзо бўлиб, уларга жойлаштирилган экстремистик ва ақидапарастлик ғоялари бўлган даъватларни тинглаб келган. Улардаги ғоя ва таклифларни қўллаб-қувватлаган.
Март ойида йигит Ўзбекистонга қайтиб келганида тезкор тадбир давомида қўлга олинган. Унинг мобил телефони холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олиниб, кўздан кечирилганида шахси номаълум бўлган аккаунт эгалари билан Саудия Арабистонига чиқиб кетишга оид ёзишмалари аниқланган.
Шунингдек, бир неча аккаунт эгаларига террорчилик ташкилотининг атрибутлари ва рамзий белгилари акс эттирилган видео материаллар юборгани маълум бўлган. Ўзининг номига очилган банк картасида 100 минг рублдан зиёд маблағни террорчилик ташкилотлари аъзоларининг ҳисоб рақамига ўтказиб келгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судида айбланувчи қилган ишларидан пушаймонлигини билдирган. Суд ҳукми билан у 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоа фош этилганди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 1553 - моддаси (Терроризмни молиялаштириш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 2441 - моддаси ( Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 2442 - моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси