Жиззахда қидирувдаги шахс қайнотасининг ертўласидан топилди (видео)
3-саҳифа
−
23 Октябрь
24495Жиззах шаҳрида чорва сотиб олиш учун 2 млрд сўмдан ортиқ кредит олиб, пулни бошқа мақсадларда ишлатиб юборган шахс қайнотасининг уйидаги ертўлада ушланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах шаҳрининг “Раваллиқ” маҳалласида яшовчи 36 ёшли фуқаро 2022 йилда тижорат банкидан 2 млрд 150 млн сўм миқдорида кредит олган. Аммо, у 125 бош зотли чорва молларини сотиб олиш учун ажратилган ушбу маблағни мақсадли ишлатмаган. Шу сабабли, жорий йилнинг 4 март куни вилоят прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиззах вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида унинг яширинган манзили аниқланган. У шаҳарнинг “Оққўрғонлик” маҳалласидаги қайнотасининг яшаш уйи ертўласида яшириниб ётган жойида ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида қайнонасининг номига кредит олиб, қарзларини тўламасдан юрган куёвнинг Cоbalt автомашинаси жарима майдонига қўйилган эди.