Жиззахда Damas автомобилида 56 нафар боғча боласи ташилди

3-саҳифа

−

image

Жиззахда икки ҳайдовчи Damas’да 56 нафар боғча боласини ташигани аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жиззахда 2 нафар Damas ҳайдовчиси томонидан ҳар бир транспорт воситасида 28 нафардан, жами 56 нафар боғча боласи ташилган.

“Ҳайдовчи, таълим муассасаси масъуллари ва ота-оналарга болаларни бу каби олиб юриш ҳеч қайси хавфсизлик қоидаларига жавоб бермаслиги, йўл бу ўйин майдони эмас, йўл ҳамиша тасодифларга бой бўлиши тушунтирилса-да, афсуски, бу ҳолатга панжа ортидан қараб, болаларнинг ҳаёти билан ўйнаётганлар ҳануз учрамоқда”, дейилади ЙҲХ видеомурожаатида.

Маълумот учун, Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (20,6 миллион сўмгача) жарима, 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш, айрим ҳолларда эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил бошидан буён Damas’да меъёридан ортиқ боғча боласини ташиш ҳолати бир неча бор аниқланган. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 23 нафар болани Damas’да ташиган ҳайдовчига чора кўрилган. Шунингдек, май ойида эса Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан Damas салонига 24 ва 28 нафар болани миндириб ҳаракатланаётган икки ҳайдовчи аниқланган.

Бундан ташқари, июль ойида Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 28 нафар, август ойида Тошкент шаҳрида 25 нафар болани Damas русумли автомашинада ноқонуний олиб кетаётган ҳайдовчиларга ҳам чора кўрилганди. Сентябрь ойининг бошида эса Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 16 нафар боғча боласини Damas’да олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг