Навоийда 17 болани Damas’да ташиган ҳайдовчи ушланди (видео)
3-саҳифа
−
25 июл 3199 2 дақиқа
Навоий вилояти Қизилтепа туманида Damas русумли автомобилда 17 нафар бола ва бир нафар боғча ходимасини олиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 21 июль куни Қизилтепа туманидаги “Вангози” маҳалласида содир бўлган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари олд ўриндиғида 3 нафар бола бўлган Damas автомобилини тўхтатган.
Текширув давомида автомобиль ичида жами 17 нафар боғча тарбияланувчиси ва бир нафар ходима бўлгани аниқланган. Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаган ҳайдовчи баланд овозда жанжал кўтарган ва воқеа жойидан кетишга уринган. Бироқ болалар хавфсиз тарзда транспорт воситасидан туширилган.
Ҳайдовчига Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан белгиланган тартибда чора кўрилган. Ҳайдовчи кейинчалик қилган хатосини тан олиб, болаларни меъёрдан ортиқ ташигани ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганини айтган.
Маълумот учун, Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (20,6 миллион сўмгача) жарима, 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш, айрим ҳолларда эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан Damas салонига 24 ва 28 нафар болани миндириб ҳаракатланаётган икки ҳайдовчи аниқланган эди.
Live
Барчаси