“Жиззахча статистика”: 2016 йил билан солиштирганда вилоят барча жабҳаларда кескин ривожланган

Жамият

image

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг охирлаётган йилда вилоятда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ҳоким ҳисоботида 2020 йил якуни билан вилоятда барча асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда 2016 йилга нисбатан ўсиш қайд этилаётгани таъкидлаб ўтилган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарида қайд этилган.

Қайд этилишича, Жиззахнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баравар ёки 12,8 трлн сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 2,9 бараварга ёки 3,9 трлн сўмга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми  2,3 баробарга ёки 1,5 трлн сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 10 бараварга ёки 13,1 трлн сўмга, пудрат ишлари ҳажми 7,7 бараварга ёки 2,3 трлн сўмга, чакана савдо айланмаси 18,7 бараварга ёки 6,5 трлн сўмга, жами хизматлар ҳажми 2,8 бараварга ёки 3,1 трлн. сўмга ошган.

“Амалга оширилган ишлар натижасида 2016 йилга нисбатан ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 12,3 баробарга экспорт ҳажми 3,2 баробарга кўпайди. Охирги 3 йил давомида 8715 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, қарийб 2 баробарга кўпайди.

Қишлоқ хўжалигида жорий йилда вилоятда 684 минг тонна ғалла, 220 минг тонна пахта, 730 тонна пилла, 440 минг тонна мева-сабзавот, 615 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари, 231 миллион дона тухум етиштирилди. 41,3 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланиб, 26,8 млн долларлик тайёр маҳсулот експорт қилинди”, дейилади ҳокимлик статистикасида.

Маълум бўлишича, вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳисоботида ёшлар бандлиги ва таълимга ҳамда 2020 йилди ёшларни ишларга жалб қилинишига ҳам тўхталиб ўтган эмиш.

Унга кўра, вилоятда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб–қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 2910 нафар ёшларга жами 161 миллиард сўмлик кредитлар берилган.

Шундан 964 миллиард сўм 294 нафар ёш тадбиркорларга, 2,5 миллиард сўм – 21 тa нафар ёш фермерларга, 44 миллиард сўм – 70 нафар ёш ҳунармандларга ва 58,7 миллиард сўм – 2525 нафар ёш йигит-қизларга берилган. Фермер хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун кредитлар ажратилган.

Xусусан, “Ёшлар-келажагимиз” дастури асосида 76 нафар ёш тадбиркорга 24 миллиард сўм миқдорида кредитлар берилган.

Маърузада камбағаллик муаммоси ва бу борада олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилган. Йил давомида олиб борилган ишлар натижасида 14,987 (88,0 фоиз) кам таъминланган оилалардан 20,343 (97,5 фоиз) ишсиз оила аъзолари иш билан таъминланган. Хуллас, шунақа гаплар.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясидан сўнг, журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган.

Депутатларга ҳисоб берган яхши. Аммо нега 2019 йил билан эмас, “узоқ” 2016 йил иқтисодий кўрсаткичлари билан солиштирилгани қизиқ. Ёки бу йил давомида қилинган ишларни сарҳисоб қилишнинг “Жиззахча” йўлими ёхуд ривожланишнинг.

Ижтимоий тармоқларда блогерлар Эргаш Салиевнинг ҳисоботига нисбатан ҳокимликдагилар янаям қадимроққа масалан, 1991 йилдаги Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳолатига ёки 1941 йилдаги кўрсаткичларга қиёслаб қўя қолишмабти-да деган фикрни билдиряпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг