Жазирама ортидан Сурхондарёда юк автомобилларининг ҳаракати чекланди
Жамият
−
11:17 3020 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятида оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинча чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятида оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилади. Бунга сабаб қилиб ҳокимлик вилоятда кузатилаётган ўта иссиқ об-ҳаво шароитида автомобиль йўллари қопламасини сақлаш ҳамда уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш эканини билдирган.
Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати 42–44°С гача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори даражага кўтарилмоқда. Ҳокимликка кўра, бундай шароитда асфалтобетон қопламаси ҳарорати 70–80°С гача етиб, қопламанинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Оқибатда оғир юк автомобиллари ҳаракати таъсирида йўл қопламасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонлар юзага келиши мумкин.
“Шу муносабат билан, давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ва таъмирланган автомобиль асраш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати тўғрисида"ги Қонуни (ЎРҚ–900)нинг 15 ва 23-моддалари ҳамда "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонунининг 16-моддаси талабларига мувофиқ, Термиз шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади”, дейилади ҳокимлик ахборотида.
Ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан мазкур чекловларга қатъий риоя қилишлари, юк ташиш вақтларини белгиланган тартиб асосида режалаштиришлари сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кузатилаётган жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди. Шундан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова Ўзбекистонда кутилаётган аномал иссиқ ҳаво сабабли боғчалар вақтинча ёпилиши мумкинлигини маълум қилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам Тошкент шаҳрида аномал иссиқ об-ҳаво сабаб кўчаларга сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш ишлари кучайтирилишини билдирганди.
Live
Барчаси