Жапаров ва Ташиев ҳайит намозида иштирок этди (видео)

Жамият

image

Бугун, 20 март куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан ўқилган ҳайит намозида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳайит намози Бишкек шаҳридаги Турдакун Усубалиев номидаги Эски майдонда минглаб Қирғизистон фуқаролари иштирокида бўлиб ўтган.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев Манас шаҳридаги масжидда бўлиб ўтган ҳайит намозига ташриф буюрган. Буни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоёзувлар тасдиқламоқда.

Ташиев билан бирга тадбирда Ўш шаҳрининг собиқ мэри Женишбек Токторбаев ҳам иштирок этган. Матбуот билан суҳбатда махсус хизматнинг собиқ раҳбари қирғизистонликларга барқарорлик, ҳар бир оилага эса эзгулик ва тинчлик тилаган. Ташиев, шунингдек, муқаддас ой давомида уни танқид қилганларга ҳам мурожаат қилган.

“Агар мабодо хатога йўл қўйиб, кимнидир хафа қилган бўлсам, узр сўрайман. Муқаддас Рамазон ойи давомида турли миш-мишлар тарқатган ва мағзава ағдарган ҳар бир кишини Аллоҳ йўлида кечирдим. Умид қиламанки, кейинги сафар улар бундай йўлдан боришмайди, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишмайди. Яратган уларнинг қалбига иймон берсин. Барчага байрам муборак бўлсин”, дейди Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев ватанига қайтгани ва Ички ишлар вазирлигининг Бош тергов бошқармасида сўроқ қилингани ҳақида хабар берилганди. Сўроқдан сўнг ундан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров ҳайит намози Қамчибек Ташиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг