Жанубий Корея Президенти халқдан узр сўради
Олам
−
07 Декабрь
5618Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун халқдан узр сўради. Бу ҳақда у тўғридан тўғри эфирда қилган телемурожаатида сўз очди.
“Мен ўз ҳаракатларим учун чуқур узр сўрайман”, деди Президент ва бош эгиб таъзим қилди.
Шунингдек, Юн Сок Ёль ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига олишга ва агар жазо берилса, ундан қочмасликка ваъда берди.
“Мен ҳарбий ҳолат эълон қилиш бўйича ҳаракатларим учун сиёсий ва ҳуқуқий жавобгарликдан қочмоқчи эмасман”, деди Президент.
Бундан ташқари, у сўнгги кунларда Жанубий Корея сиёсий доиралари ва оммавий ахборот воситаларида яна ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эҳтимоли фаол муҳокама қилиниши ортидан бундай бўлмаслигини таъкидлади.
“Очиғини айтаман, иккинчи ҳарбий ҳолат бўлмайди”, деди Юн Сок Ёль.
Маълумот учун, Президентга нисбатан импичмент эълон қилиш бўйича овоз бериш бугун, 7 декабрь куни маҳаллий вақт билан 17:00 да ўтказилиши кутилмоқда. Жанубий Корея парламентидаги ҳукмрон “Тобуро” партияси 300 та ўриндан 108 тасини назорат қилади. Президентни лавозимидан четлатиш учун 200 нафар депутатнинг овози зарур. Ҳозирча импичмент ташаббуси билан 191 нафар депутат чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уринганидан сўнг унинг рейтинги рекорд даражада паст кўрсаткич – 13 фоизга тушиб кетгани хабар қилинган эди.