Жанубий Африкада миллий фалокат режими эълон қилинди

Олам

image

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) шарқий ҳудудларида содир бўлган ҳалокатли тошқинлар оқибатида ҳукумат мамлакатда миллий фалокат ҳолатини эълон қилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Нашрга кўра, жорий йилнинг 9 июнь куни бошланган кучли ёмғир, бўронли шамол ва қор ёғиши оқибатида Шарқий Кейп провинцияси энг кўп зарар кўрган ҳудудга айланган. Юзлаб йўллар, уйлар, мактаблар ва бошқа иншоотлар вайрон бўлган, кўплаб ҳудудлар электр ва алоқа тармоғидан узилган.

Провинция ижроия кенгаши аъзоси Золиле Уильямс маълумотига кўра, ҳозиргача 92 кишининг жасади топилган, баъзиларининг эса жасади ҳанузгача топилмаган.

“Тошқинлар Шарқий Кейпга келганидан бери биз аввалгидек эмасмиз. Бу бизнинг провинциямиз бошидан кечирган энг оғир фалокат”, дейди Уильямс хотира маросимида.

Мтата шаҳрида провинсиявий мотам эълон қилинган. King Sabatha Dalindyebo коллежи ҳудудида оммавий хотира маросими бўлиб ўтган. Юзлаб одамлар, жумладан, турли христиан конфессиялари вакиллари вафот этганлар хотирасига шам ёққан.

Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, камида 2 ўқувчи автобус билан бирга сувга оқиб кетган ва бедарак йўқолган. Қутқарувчилар фуқаролардан йўқолганлар ҳақида зудлик билан хабар беришни сўрамоқда.

Миллий фавқулодда ҳолатлар маркази директори Элиас Ситхоленинг айтишича, фалокат фақат Шарқий Кейпда эмас, балки Квазулу-Натал, Фри-Стейт ва Ғарбий Кейп провинцияларида ҳам талафотлар келтириб чиқарган.

ЖАР Президенти Сирил Рамафоса фалокат зоналарини шахсан бориб кўздан кечирган. Айниқса, дарё бўйларида қурилган камбағал туманлар энг кўп зарар кўрган. Ҳукумат фуқаролардан кечиккан ҳаракатлар ва эскирган инфратузилма учун кескин танқидга учрамоқда.

Миллий фалокат режими орқали мамлакатга фавқулодда маблағ ажратиш, инфратузилма ва уй-жойларни тиклаш бўйича тезкор чоралар кўриш имконияти яратилади. Бу режим вазият тўлиқ барқарорлашмагунча амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) кучли совуқ туфайли камида 49 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Экстремал совуқ оқими айрим ҳудудларга кучли ёмғир ва қор олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Африка Республикаси миллий фалокат режими Шарқий Кейп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг