Жанубий Африкада кутилмаган совуқ туфайли 49 киши ҳалок бўлди
Олам
−
12 Июнь 7732 2 дақиқа
Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) кучли совуқ туфайли камида 49 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, экстремал совуқ оқими айрим ҳудудларга кучли ёмғир ва қор олиб келган. Оқибатда мамлакатдаги иккинчи энг йирик вилоят – Шарқий Кейпда кучли сув тошқини юз берган ва бу кўплаб қурбонларга сабаб бўлган.
Вилоят маъмурияти раҳбари Оскар Мабуяаненинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар сони янада кўпайиши мумкин, чунки бедарак йўқолганларни қидириш ишлари ҳануз давом этмоқда.
Ҳалок бўлганлар орасида 6 нафар ўқувчи ҳам бор. Уларнинг автобуси сув остида қолиб кетган ва ўқувчилар сувга оқиб кетган. 3 нафар бола дарахтларга осилиб, омон қолишга муваффақ бўлган, яна 4 нафари қидирилмоқда.
Ҳукумат маълумотига кўра, табиий офат оқибатида юз минглаб уйлар электр таъминотисиз қолган, камида 58 та мактаб ва 20 та шифохона сув босиши туфайли зарар кўрган. Шунингдек, тахминан 500 киши эвакуация қилинган. Уларнинг уйлари бутунлай вайрон бўлган ёки кучли зарар етган.
“Биз бунга ўхшаш ҳолатни илгари ҳеч қачон кўрмаганмиз”, дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг етти штатида кучли ёмғир, сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли 44 киши ҳалок бўлганди. Шунингдек, 21 туманда 6,33 миллиондан ортиқ одам тошқин ва ёмғирдан жабр кўрган. 1506 та қишлоқда 14739 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги эрлари зарарланган.
Live
Барчаси