Жануби-шарқий Осиёдаги тошқинлар 4 млн кишига зарар етказди
Олам
−
01 Декабрь 2025 1389 2 дақиқа
Жануби-шарқий Осиёнинг уч мамлакати – Индонезия, Малайзия ва Таиландда бир ҳафта давом этган кучли ёмғирлар, шамол ва кўчкилар оқибатида камида 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 4 миллиондан ортиқ одам зарар кўрди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Минтақанинг Малакка бўғози ҳудудида кузатилган ноёб тропик бўрон кенг кўламли вайронагарчиликка сабаб бўлди. Қутқарув гуруҳлари кеча, 30 ноябрь куни ҳам сув босган кўплаб ҳудудларга кира олмаётгани, айрим ҳудудларда сел пасайган бўлса-да, йўлларнинг тўсилгани ва алоқа инфратузилмасининг шикастлангани ишларни қийинлаштираётганини билдирди.
Таиланд жанубида оқибатлар айниқса оғир бўлиб, деярли 3 миллион киши талафот кўрган. Индонезиянинг Ғарбий Суматра ҳудудида эса тошқин 1,1 миллиондан ортиқ аҳолига зарар етган.
Шунингдек, Бенгал кўрфази бўйлаб жойлашган Шри-Ланкада ҳам циклон оқибатида 153 киши ҳалок бўлган, 191 киши бедарак йўқолган ва ярим миллиондан ортиқ одам жабрланган.
Индонезияда ҳалок бўлганлар сони бир кун ичида 303 нафардан 435 нафарга ошган. Ғарбий Суматра провинцияларида кўчкилар қишлоқларни вайрон қилган, кўплаб аҳоли пунктлари билан алоқа узилган. Қутқарувчилар вертолётлар ёрдамида йўл орқали етиб бўлмайдиган ҳудудларга ёрдам етказмоқда. Расмийларга кўра, Индонезияда 406 киши бедарак йўқолган, 213 мингдан ортиқ одам уйини тарк этган.
Таиланд соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар сони 170 кишига етганини, жароҳатланганлар эса 102 нафарни ташкил этишини маълум қилди. Энг кўп талафот Сонгхла вилоятида қайд этилган – 131 киши. Хат Яи шаҳрида бир суткада 335 мм ёғингарчилик кузатилиб, бу сўнгги 300 йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлган.
Малайзияда эса ҳали ҳам 18,7 мингга яқин киши эвакуация марказларида қолмоқда. Метеорология идоралари бўрон хавфи камайганини маълум қилиб, мамлакатнинг кўп ҳудудларида об-ҳаво барқарорлашиши кутилаётганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зарафшон дарёсининг суви камайиб бораётгани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилоятида хўжалиги учун асосий сув манбаи бўлган Зарафшон дарёсидан келаётган сув ҳажми йил сайин камайиб бормоқда. Дарёдаги сув ҳажми камайиб кетгани учун ер ости сувларидан фойдаланиш даражаси 2 баробар ошган. Шу боис, кейинги йил камида 30 минг гектарда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурлиги келтирилганди.
Live
Барчаси