“Жамоат жойларида яҳудий рамзларни намойиш қилманг”. Ўзбекистондаги исроилликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
16 Июнь 32884 2 дақиқа
Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тобора авж олиб бораётгани боис Ўзбекистондаги исроилликлар ҳам огоҳлантирилди. Бу ҳақда Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги воқеалар туфайли Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон ва Тожикистондаги исроилликларга зарур ёрдам кўрсатмоқда. Миллий хавфсизлик кенгаши эса хориждаги барча Исроил фуқароларини эҳтиёт чораларини кўришга чақирган. Хусусан, улардан жамоат жойларида яҳудий ёки Исроил рамзларини кўрсатмаслик, ижтимоий тармоқларда қаерда яшаётгани ёки қаерга саёҳат қилмоқчилиги ҳақидаги маълумотларни жойлаштирмаслик, Исроил ёки яҳудийлик билан боғлиқ оммавий тадбирлардан қочиш, маҳаллий хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ва хавф туғилганда дарҳол уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, жамоат жойларида ҳушёр бўлишни тавсия қилган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги исроилликлардан фақат ишончли такси иловаларидан фойдаланиш ва тасодифий машиналарга чиқмаслик, фавқулодда вазият юзага келганда, дарҳол маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш (Туристик полиция – 1173), шу билан бирга, воқеа ҳақида Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг 02-5303155 рақамидаги операция марказига хабар бериш сўралган.
Элчихона хабарида рус тилида ёрдам олиш учун +998931725800 тез ёрдам рақамига (элчи ўринбосари ва консул Лирон Мизрахи Унгер) ёки Натив ҳукумат ташкилотининг фавқулодда ёрдам марказига +998900548139 (шу жумладан WhatsApp ёки Telegram орқали) кунига 24 соат қўнғироқ қилиш мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралганди. Шунингдек, Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўриш қатъий тавсия қилинганди.