Жамоат жойида маст юра кўрманг! ИИВга янги ваколатлар берилмоқда
Жамият
−
05 Октябрь 2020
44717Эндиликда Ички ишлар вазирлиги ходимлари кўчалар, майдонлар, истироҳат боғлари, вокзаллар, аэропортлар ва бошқа жамоат жойларида мастлик ҳолатида юрган шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб боради. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасида айтилган. Қарор матни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Ушбу қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжат қабул қилингудек бўлса, Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланади. Низом мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари фаолиятини тартибга солади.
Қарор билан мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари биринчи раҳбарларининг буйруқларига асосан республиканинг ҳар бир туман (шаҳар)ларидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида ташкил этилади.
Қуйидагилар тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
• мастлик ҳолатида бўлган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш;
• мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш;
• мастлик ҳолатида бўлган шахсларни ҳушёр ҳолатга келгандан сўнг чиқариб юбориш.
Ички ишлар вазирлиги ходимлари:
• кўчалар, майдонлар, истироҳат боғлари, вокзаллар, аэропортлар ва бошқа жамоат жойларида мастлик ҳолатида бўлган шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб боради;
• ўткир заҳарланиш симптомлари билан беҳуш, психоз, руҳий касалликка чалинган, бош мия ва тан жароҳати олган, ёки ҳаёти ва соғлиғига тахдид солаётган бошқа ҳолатларда бўлган шахслар аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу шахслар аниқланган жойга тез тиббий ёрдам бригадаси чақиртирилади;
• ушбу ҳолатдаги шахслар ҳаёти ва соғлиғи сақланиши таъминланган ҳолда тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан тегишли соғлиқни сақлаш муассасасига етказилади;
• мастлик ҳолатида бўлган ва тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатдаги жиноятни содир этишда гумонланаётган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш давомида ушбу шахсларни қўриқловга олади.
Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари:
• мастлик ҳолатида бўлган шахсларни ички ишлар органлари ходимларининг мурожаатига кўра қабул қилади, махсус журналга қайд этади;
• мастлик ҳолатида бўлган шахсларни хоналарга жойлаштиради ва қариндошларига хабар беради;
• мастлик ҳолатида бўлган шахсга тиббий ёрдам кўрсатиб, тўлиқ ҳушёр ҳолатга келтиради;
• 12 соат давомида ҳушёр ҳолатга келмаган шахслар учун касаллик тарихи расмийлаштиради;
• мастлик ҳолатида бўлган шахсда яққол оғир хасталиклар аниқланиб, реанимацион тадбирлар амалга оширилиши талаб этилган ҳолларда уларни тегишли даволаш-профилактика муассасаларига юбориш чораларини кўради;
• йил давомида икки маротаба олиб келинган шахсларни профилактик ҳисобга олиш тўғрисида ички ишлар органлари ва наркологик муассасаларга ҳабар беради.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 20 октябрига қадар давом этади.
LiveБарчаси