Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилди
Жамият
−
23 Сентябрь 2020
5091Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳмасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди.
Қарорга кўра, давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда мазкур қарздорлик, биринчи навбатда жамғарма маблағлари, жамғарма маблағлари етарли бўлмаса Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.
Қарор билан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари учун тўловлар қарзнинг қолдиқ суммасига камида йиллик 0,5 фоиз миқдорида белгиланади.
Қарздор ташкилотлардан тўловлар 30 календарь кун давомида тўлиқ қайтарилмаган тақдирда, мазкур тўланмаган қарздорлик ва унга ҳисобланган пенялар ҳамда қўлланилган жарималар суд тартибида ундирилади.
Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳисоби Ғазначилик томонидан юритилади.
LiveБарчаси