Ўзбекистондаги сув омборларида доимий инструментал сейсмологик кузатувлар ташкил этилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2020
4355Ўзбекистондаги сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида сўз боради. Қарор лойиҳаси жорий йилнинг 6 ноябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Қарор қабул қилинса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Қарор билан:
• республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимининг ташкилий-функционал тузилмаси;
• Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизими тўғрисидаги Низом тасдиқланиши кутилмоқда.
Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖга:
• Фанлар академияси билан биргаликда икки ой муддатда сув омборлари тўғонларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш ва зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
• Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар сув омборлари таъсир ҳудудида локал сейсмик кузатув тармоқларини ташкил этиш ва уларга зарур жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
• Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябргача Ўзбекистон Республикасидаги сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган сув омборларида сейсмологик кузатувлар тизимини босқичма-босқич жорий этсин ва такомиллаштириб бориш юклатилмоқда.
Қарор лойиҳасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ 2.06.11-04)га мувофиқ cейсмик интенсивлиги 7 ва ундан юқори баллик (J≥7.0) сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган 1-2 синфга кирувчи сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувлар доимий амалга ошириш белгилаб қўйилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши ўқибатида вилоят ҳудудлари ва қўшни Қозоғистонни сув босди. Талафотларни бартараф этиш, уйсиз қолган аҳолини турар-жой билан таъминлаш ҳамон давом этмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июль куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь