Жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади – Мирзиёев
Жамият
−
02 Июль 2022
12061Айни кунларда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондаги тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгес депутатлари ва фаоллар билан бўлган мулоқотида айтиб ўтди.
"Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни албатта биргаликда қурамиз! Шу соҳадаги барча ислоҳотларимиз, муҳокамаларимиз, ҳеч шубҳасиз, демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши зарур. Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади. Ўзбекистонда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли”, дея таъкидлади Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча юртдошларини ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.
“Мен олижаноб ва бағрикенг қорақалпоқ халқининг ақл-идроки ва донишмандлигига ишонаман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз,1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
LiveБарчаси