Жаҳон банки Афғонистон учун 280 млн доллар ажратади – “Reuters”
Олам
−
03 Декабрь 2021
3496Жаҳон банки (ЖБ) директорлар кенгаши Афғонистонни қўллаб-қувватлаш учун музлатилган 280 миллион доллар маблағни икки гуманитар ёрдам агентлигига ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Уларга кўра, Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Афғонистонни қайта тиклаш жамғармасининг 31 донори Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасига (UNICEF) боришдан олдин маблағ ўтказилишини маъқуллаши керак. Энг катта ҳомийси Қўшма Штатлар бўлган донорлар бугун учрашиши кутилмоқда. Ҳар икки ташкилот иқтисоди сўнгги йилларда жиддий зарар кўрган Афғонистонга ёрдам кўрсатади.
Жорий йилнинг 30 ноябрь куни куни Жаҳон банки кенгаши Афғонистонни қайта тиклаш жамғармасининг 1,5 миллиард долларидан гуманитар ёрдам агентликларига 500 миллион долларгача маблағ ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагач Халқаро Валюта Жамғармаси ва бошқа Ғарб ташкилотлари мамлакатни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Афғонистоннинг Ғарб давлатлардаги ҳисоб рақамлари эса музлатилди. Хусусан, АҚШ Федерал захира тизимидаги 7 миллиард долларлик активларга киришни ёпиб қўйди.
Айни вақтда Афғонистон гуманитар инқироз ёқасида турибди. Ҳатто, жорий йил охиригача ушбу давлатда 1 миллион бола очликдан ўлиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Расмий Тошкентнинг Афғонистондаги вазиятни эътиборсиз қолдирмаслик борасидаги чақириқлари ортида Европа ушбу давлатга Термиз орқали гуманитар ёрдам кўрсатиш режаси билан чиқди. Шу ўринда Афғонистонда ҳокимият “Толибон” ҳаракати қўлига ўтгач мамлакатдаги вазият оғирлашганини эслаб ўтиш керак.
Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь