Зеленский Европа бўйлаб сафардан нимани кўзлаганини очиқлади
Олам
−
15 Май 2023
10317Украина Президенти Владимир Зеленский Европанинг айрим давлатларига ташрифларининг устувор йўналиши мамлакат Қуролли кучларини қарши ҳужумга тайёрлаш эканини айтди. Бу ҳақда бугун, 15 май куни Зеленскийнинг веб-сайтида эълон қилинган баёнотда сўз борди.
“Италия, Германия, Франция ва Буюк Британияга ташрифлар чоғида мамлакатимизни мудофаа соҳасида қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Европа пойтахтларига ташрифларнинг устувор йўналиши – Украина Қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни озод қилиши ва фронтдаги фаол операцияларга тайёргарлик кўришидир”, деган Зеленский.
Шунингдек, у учрашувлар чоғида Украина учун “қирувчи коалиция” тузиш ҳамда НАТОнинг Вильнюсдаги саммитига тайёргарлик бўйича музокаралар давом этганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 май куни Украина Президенти Рим ва Ватиканда ҳам бўлиб, Италия раҳбарияти ва Рим папаси Франциск билан учрашганди. Зеленский музокаралар давомида Украина осмонини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қарорларга эришилганини айтди. Кеча, 14 май куни эса у Берлинда Президент Штайнмайер ва канцлер Олаф Шольц билан учрашди. Музокаралардан сўнг Германия бу йилдан бошлаб Киев ҳукуматига ҳарбий ёрдам учун яна 11 миллиард евро юбориши эълон қилинди. Шу куннинг ўзида у Парижга борди ва франциялик мавқедоши Эмануэль Макрон билан учрашди. Музокаралардан сўнг Елисей саройи томонидан тарқатилган қўшма баёнотда Франция яқин ҳафталарда бир нечта украина батальонларини тайёрлаши ва уларни ўнлаб зирҳли техника ҳамда AMX-10RC ғилдиракли танклари билан жиҳозлаши эълон қилинди. Бугун, 15 май куни эса Зеленский Лондонга борди. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан музокаралар ўтказганидан кейин Лондон Украина учун 200 километрдан узоқ масофага учиши мумкин бўлган юзлаб ҳарбий дронларни беришга рози бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь