Зеленский Туркия биринчи хонимига хат ёзди. Уни Елена Зеленская етказди
Олам
−
03 Октябрь 2022
12218Украина Президентининг рафиқаси Елена Зеленская Туркияга борди. У ташриф доирасида мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған учрашди.
Учрашувда Зеленская Украинадаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, ўзи асос солган жамғарма фаолияти ҳақида маълумот берган. У Туркия биринчи хонимига турмуш ўртоғи, Украина Президенти Владимир Зеленский номидан Украинага кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик мактубини топширди.
Туркиянинг 1300 нафар оиласиз украиналик болани қабул қилганидан мамнунлигини билдирган Зеленская, 200 га яқин алоҳида эҳтиёжли болани эвакуация қилиш ва Туркияга олиб келишда ёрдам сўради.
Ғалла коридори ва маҳбуслар алмашинувининг Президент Эрдўғаннинг кучли етакчилиги ва дипломатик маҳорати билан амалга оширилаётганига диққат қаратган Зеленская, айниқса, дон йўлагининг дунёни катта озиқ-овқат инқирозидан қутқарганига урғу берди.
Уруш туфайли соғлиқни сақлаш соҳасидаги эҳтиёжлар ортганини ифода этган Украина биринчи хоними, Эмина Эрдўғандан тез ёрдам автомобиллари ва чақалоқлар учун вакуум аппаратларини етказиб беришини сўради.
“Минтақамизда қарийб етти ойдан бери давом этаётган урушдан қайғудамиз. Умид қиламанки, бу муаммо тезроқ ҳал қилинади. Туркия тинчлик ўрнатиш учун жадал ҳаракатларини давом эттиради”, дейди Эрдўғаннинг рафиқаси.
У сўзида давом этаркан, Анқара Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши ва муаммонинг дипломатия йўли билан ҳал қилинишига ишонишини билдирган.