Зеленский НАТО аъзолиги учун урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди
Олам
−
30 Ноябрь
5780Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши учун Россия билан урушни тўхтатишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда у кеча, 29 ноябрь куни “Sky News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, бу кейинчалик босиб олинган ҳудудларни дипломатик йўл билан қайтариш бўйича келишиб олиш имконини беради.
“Агар биз урушнинг қизғин босқичини тўхтатмоқчи бўлсак, назоратимиз остидаги Украина ҳудуди НАТОга аъзо бўлиши керак”, деган Украина раҳбари.
Украина Президентининг фикрича, альянсга қўшилиш мамлакатни Россиянинг кейинги агрессиясидан ҳимоя қилишни кафолатлайди. Шунингдек, у халқаро хавфсизлик кафолатларисиз оддий ўт очишни тўхтатиш фақат расмий Москва позициясини мустаҳкамлаши ва Украинанинг бошқа ерлари ҳам тортиб олинишига олиб келиши мумкинлигини билдирган.
Зеленский Украинанинг келажакдаги хавфсизлиги тўғридан-тўғри НАТОга қўшилиш билан боғлиқлигини айтган. Унинг фикрича, барча ҳудудлар ҳарбий йўл билан озод этилмаса ҳам, альянсга аъзолик дипломатик йўллар билан босиб олинган ҳудудларни қайтаришга ёрдам беради. Президент Украина халқаро тан олинган чегаралари, жумладан, аннекция қилинган Қрим ҳудудида НАТОга таклиф қилиниши кераклигига ишонч билдирган.
Маълумот учун, Президент девони томонидан тайёрланган ва узоқ вақт давомида сир тутилган “ғалаба режаси”нинг биринчи бандида ҳам Украинани НАТОга таклиф қилиш лозимлиги қайд этилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинани НАТОга таклиф қилиш факти бутун дунё учун асос бўлиши мумкин, шунингдек, Путин учун унинг геосиёсий ҳисоб-китоблари ютқазаётганининг исботи бўлиши мумкин. Зеленский, шунингдек, Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласида ҳамкорларнинг қатъийлиги Европа интеграцияси муқаррарлигини англатишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский унинг мамлакати яқин беш йил ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлишига ишонч билдирганди. Президент Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишининг муҳим масалалари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирганди.