Зеленский КХДР қўшинлари Россияга юборилиши фонида Ғарбни танқид қилмоқда
Олам
−
02 Ноябрь
7905Украина Президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея қўшинлари ўз мамлакатига қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида Ғарбдаги ҳамкорларининг пассивлигини танқид қилди. Бу ҳақда у кеча, 1 ноябрь куни кечки видеомурожаатида сўз очди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина энди Россия Федерацияси ўз ҳудудида КХДР аскарларини тўплаётган “ҳар бир жойни”, “барча лагерларини” кўради.
"Агар бизда етарлича узоқ масофадан зарба бериш имконияти бўлса, биз олдиндан зарба беришимиз мумкин эди. Бу эса ҳамкорларга боғлиқ. Аммо жуда керакли масофа ўрнига Америка кузатмоқда, Британия кузатмоқда, Германия кузатмоқда.Ҳамма Шимолий Корея ҳарбийлари украиналикларга зарба беришни бошлашини кутмоқда”, таъкидлади Украина раҳбари.
“Россия ва Украина ўртасидаги бу уруш кенгаймаслигини ва уруш Европадан дунёнинг бошқа минтақаларига тарқалмаслигини чиндан ҳам истайдиган дунёдаги ҳар бир киши шунчаки томоша қилишдан кўпроқ нарсани қилиши керак. Биз ҳаракат қилишимиз керак. Урушнинг кучайиши ва кенгайишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги сўзлар ҳаракатлар билан мос келиши керак”, деб таъкидлади Владимир Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Шимолий Кореянинг 8 мингга яқин аскари Россия ва Украина чегарасида бўлиб, урушда қатнашишга ҳозирлик кўраётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари шимолий кореялик ҳамкасбларини артиллерия ва дронлардан фойдаланишга, шунингдек, пиёда қўшинларининг асосий операциялари, жумладан, хандақларни тозалашга ўргатмоқда.
1 ноябрь куни Москвага ташрифи чоғида Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Цой Сон Хи Шимолий Корея “ҳеч кимга ортига қарамай, ўзининг “муқаддас уруши”да Россияни доимо ва кучли қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Цойнинг қўшимча қилишича, Россия агрессияси бошланган пайтдан бошлаб тегишли кўрсатмалар КХДР ҳукмдори Ким Чен Ин томонидан берилган.
Германиялик Фридрих Науман жамғармасига кўра, уруш бошланганидан бери Пхеньян Москвага миллиардлаб долларлик қурол-яроғ етказиб берган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь