Зеленский бир йил ичида 12 дан ортиқ суиқасддан омон қолди – ОАВ
Олам
−
17 Январь 2023
8441Америкалик журналист Крис Уиппл Украина Президенти Владимир Зеленский ўтган йил давомида 12 дан ортиқ суиқасддан омон қолганини айтди. Унинг сўзларини “The Independent” нашри келтирган.
Уипплнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши бошиданоқ АҚШ разведкаси Киевга Зеленскийнинг ҳаётига суиқасд қилиш эҳтимоли ҳақида маълумот бериб келган. Аммо бу огоҳлантиришлар Киевда жиддий қабул қилинмаган.
Крис Уиппл маълумот манбасини ошкор қилмаган, бироқ у маълумотларни Байденнинг ички доирасидаги юқори мартабали амалдорлар, хусусан, Оқ уй раҳбари Рон Клайн билан суҳбатларга асосланганини айтган.
Расмий Киевга кўра, Зеленский уруш бошланганидан бери ўндан ортиқ суиқасддан омон қолган. Уипплнинг таъкидлашича, Америка Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс Зеленскийга Киевга сафари чоғида берган маълумотлар туфайли камида иккита суиқасднинг олди олинган.
2022 йил март ойида “The Times” газетаси Президент Владимир Зеленский Россия-Украина уруши бошланганидан бери камида учта суиқасддан омон қолгани ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, декабрь ойи охирида CNN телеканали Украина раҳбарининг Вашингтонга ташрифи чоғида унинг ҳаётига суиқасд бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь