Зась бошчилигида КХШТ делегацияси Ереванга келяпти

Олам

image

Бош котиб Станислав Зась бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти делегацияси 20-25 сентябрь кунлари Арманистонда бўлади. Делегацияни қабул қилиш ҳақидаги тегишли қарорни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян имзолаган. 

“20-25 сентябрь кунлари Станислав Зась бошчилигида КХШТ делегациясининг ташрифи муносабати билан [мамлакатда] бўлиш дастури ва баённомага мувофиқ тадбирлар амалга оширилиши таъминлансин”, дейилади Бош вазир қарорида.

Аввалроқ, генерал-полковник Анатолий Сидоров бошчилигидаги КХШТнинг Арманистондаги миссиясининг илғор гуруҳи республикага етиб келган ва мамлакатнинг Озарбайжон билан чегарасининг бир қанча участкаларида кузатув ўтказган эди. 

КХШТ вакиллари 15 сентябрь куни Арманистонга етиб келди. 17 сентябрь куни КХШТ миссиясининг олдинги гуруҳи Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги бир нечта объектга ташриф буюрди. Мутахассислар Озарбайжон билан чегарага туташ бир қанча ҳудудларда вазиятни кузатди. Миссиянинг дастлабки гуруҳи икки давлат муносабатларини изга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиққани очиқланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда. 

Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Нэнси Пелосининг Арманистонга ташрифи

18 сентябрь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Арманистонга келди. У ташрифи чоғида Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарадош ҳудудига ноқонуний ва ҳалокатли ҳужумларини қоралашини маълум қилди. Ўз навбатида, Баку ушбу баёнотни Озарбайжонга қарши асоссиз ва ноҳақ айблов сифатида баҳолаб, айбловларни “куракда турмайдиган”, деб атади.

Шу куни Ереванда бир неча юзлаб киши Арманистоннинг КХШТдан чиқишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди. Намойишчиларга кўра, ташкилот Озарбайжон томонидан Арманистонга қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон КХШТ Станислав Зась

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг