Путин Қозоғистонда Зeлeнскийни “йўқ қилишга” шама қилди
Таҳлил
−
30 Ноябрь
1087528 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада НАТОнинг муваффақиятсиз аналоги – КХШТга аъзо давлатларнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Олтита постсовет мамлакати – Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларни ўз ичига олган ташкилотнинг навбатдаги юқори даражали йиғини мазкур блокдан юз ўгирган ва ундан чиқишга яқин турган Арманистонсиз ўтди. Чунки Пашинян ҳукумати Арманистоннинг КХШТдаги фаолиятини музлатиш режасидан воз кечмаганлиги бироз олдин маълум қилинганди. Остонадаги саммитда беларуслик Александр Лукашенко, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов иштирок этди. Саммитда кутилганидек, Путин катта саҳнага чиқди. У мамлакатларнинг хавфсизлиги ва мудофаа салоҳияти ривожи учун йиғилган раҳбарларнинг бор эътиборини Украинани қандай ўққа тутаётгани, навбатдаги нишон сифатида эса Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари танланиши мумкинлиги ва ортда қолган ҳафта давомида бутун дунё эътибори марказида асосий мавзу бўлиб қолган янги қурол – “Орешник”нинг салоҳиятига қаратди. “Орешник” пиаридан ортган вақтда эса Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш, тожик-афғон чегарасида хавфсизликни кучайтириш ва келгуси йилда иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини ташкилотга аъзо давлатларда кенг нишонланиши ҳақидаги режалар хусусида гаплашилди. Қуйида шу саммитнинг эътиборга молик воқеалари ҳақида сўз юритилади.
“Орешник, Орешник ва яна Орешник”…
2023 йилда ХЖСнинг ҳибсга олиш ордери нишонига айланган, фақатгина постсовет мамлакатлари ҳамда Мўғулистон каби давлатларгагина ташриф буюра оладиган Владимир Путин сўнгги 3 йилдан буён у ёки бу жойга қадам ранжида қилса, энг биринчи бўлиб Украинадаги вазият ҳақида мавқедошларига ҳисобот бериши одатий ҳолга айланган. У бу гал ҳам КХШТнинг тор доирадаги йиғилишида охирги кунларда Украинага йўлланган вайронкор зарбалар ва босқиннинг айни дамдаги вазияти ҳақида сўз очди. Барчага маълум, АҚШ ва Буюк Британия расмий Киевга узоқ масофага учувчи ракеталардан фойдаланиш учун “яшил чироқ” ёққанидан кейин дарҳол Россия ҳудудига Украинадан бир неча ATACMS учирилди. Бунга жавоб тариқасида эса бугун кўпчиликнинг оғзидан тушмаётган янги “Орешник” номли ўрта масофали баллистик ракета илк бор кўриниш берди ва бу қурол тўғридан тўғри Украинага зарба бериш орқали синовдан ўтказилди. Аммо “Орешник”нинг учирилиши ва унинг бутун дунёга тарқалган шов-шуви Украинани Курскка ATACMS билан зарба беришдан қайтара олмади. Россия эса Ғарб қуроллари билан Курскка берилган зарбага қарши “Орешник”ни эмас, балки бошқа ракета ва дронларни ишга солди. Путин 28 ноябрь куни КХШТ саммитида Россия Федерацияси 90 та ракета ва 100 та дрон билан кенг қамровли ҳужум уюштириб, Украина ҳудудидаги 17 та ҳарбий объектга зарба бергани ва бу икки кун олдин Россия Федерацияси ҳудудига берилган зарбаларга жавобан амалга оширилганини таъкидлади. Шу куни Путиннинг “Орешник” ҳақида берган маълумотлари эса саммит ва унинг атрофидаги воқеаларнинг алоҳида қисмига айланди. Унинг сўзларидан шу англашиладики, Россия эндиликда ядро “шантажи”ни эмас, бундан буёғига “Орешник” билан таҳдидий риторикага таянадигандек гўё. Масалан, Путин томонидан мазкур қуролга берилган таърифлар қаторида уни метеоритга ўхшатгани ва ундан оммавий равишда фойдаланилса, зарбанинг кучи ядровий қуролга тенг бўлади, дея айтган гаплари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
“Ҳарбий ва техник мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу ракеталарни, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта ракеталарни оммавий, гуруҳли ишлатганда, бир зарбада унинг кучи ядровий қуролдан фойдаланиш билан таққосланади”, деди Россия раҳбари.
Путинга кўра, дунёда “Орешник”нинг бошқа ўхшаш варианти йўқ ва улар яқин келажакда ҳам пайдо бўлмайди. Аммо Путин ҳам Россиянинг ўзида “Орешник”ка ўхшаш яна бир нечта фойдаланишга тайёр тизимлар бор эканини таъкидлаган. Россия раҳбарининг айтишича, “Орешник” ракета тизими чуқур ва яхши ҳимояланган объектларга зарба беришга қодир. Бундан ташқари, Путин Бош штаб ва Мудофаа вазирлиги Украина ҳудудида “Орешник” томонидан йўқ қилинадиган нишонларни танлаётгани, Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари “Орешник”нинг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигини истисно қилмади ва Россия Федерацияси душман ҳаракатларига жавобан “Орешник”нинг жанговар синовларини давом эттиришини ҳам қўшимча қилди. Бу эса Зеленскийни жисмонан йўқ қилишга қаратилган навбатдаги жиддий таҳдид бўлиши мумкин. Чунки Россия раҳбари айни дамда Киевдаги ҳокимиятнинг легитим эмаслиги ва улар мамлакат тақдири борасида қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас деб ҳисоблашини яққол очиқлади. Шунингдек, Путин Россия Федерацияси ихтиёридаги бошқа қуролларга ҳам тўхталиб, умумий маънода уларни Ғарбникига қараганда анча устун деб баҳолади. Масалан, Россия Президенти “Искандер” мисолида Россия ракета тизими катта диапазонга эгалигини айтиб, Қўшма Штатларнинг янги ракеталари ўз хусусиятларига кўра Россияникидан паст дея таъкидлади. Бундан ташқари, Кремль эгаси Россия Федерациясидаги гипертовушли комплексларининг дунёда ўхшаши йўқлиги, ўз мамлакати барча НАТО мамлакатларидан 10 баробар кўп ракеталар ишлаб чиқариши ва бу яқин келажакда яна чорак қисмга оширилишини ҳам қўшимча қилди.
Тўқаев КХШТ ёрдамини ҳали унутмаган
Қозоғистон раислигида ўтган КХШТ саммитида модераторлик қилган Қосим-Жомарт Тўқаев наздида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Евросиё маконида тинчлик ва барқарорликни таъминловчи асосий тузилмалардан бирига айланган.
“КХШТ ҳозирги қийинчиликлар шароитида ташкилотга аъзо барча мамлакатлар хавфсизлиги кафолати сифатида ўзининг зарурлигини кўрсатмоқда. Бизнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларимиз, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашимиз энг қийин ва амбицияли муаммоларни ҳал қилишда жамоавий қобилиятимизни мустаҳкамлайди. Таъкидлаш жоизки, КХШТ шунчаки ҳарбий шериклик эмас, балки давлатларимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз ва ресурсларимизни бирлаштирган ноёб механизмдир”, деди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Тўқаевнинг бундай ёндашуви ортидан шуни қайд этиш жоизки, 2022 йил Қозоғистонда рўй берган январь воқеалари фонида КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мавжуд вазиятни нормаллаштириш учун мамлакатга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилганди. Бунинг натижасида эса амалда Тўқаев ҳокимияти сақлаб қолиниб, беқарорлик куч билан бартараф этилганди. Шу воқеадан сўнг, КХШТ кўпчилик наздида ҳарбий блок эмас, балки аъзо мамлакатларда мавжуд ҳокимиятни сақлаб қолиш ва унга қарши норозиликларни куч билан бостириш механизми сифатида гавдаланди.
Шунингдек, КХШТ саммити доирасида 27 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ташрифи давомида қизиқ ҳолат юз берди. Шу куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги LED-экранлардан бирида Украина байроғи тасвири пайдо бўлди. Ҳолат юзасидан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жиноят иши қўзғатган. Украина байроғи тасвири “Астана Опера” театри ёнига ўрнатилган LED-экранда пайдо бўлган. Бу тасвир Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатга келгани муносабати билан шаҳарнинг бошқа LED-экранларида акс эттирилган Россия давлат байроғи тасвири ўрнига алмаштирилган. Шу куни Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар ўтказаётганди. Маълум қилинишича, “Keruen Media” МЧЖ (Остонадаги LED-экранларга эгалик қилувчи компания) билан боғлиқ воқеа бўйича суриштирув ишлари бошланган. Ички ишлар вазирлиги барча эҳтимолий версиялар, жумладан техник носозликлар ва ташқи ноқонуний аралашув эҳтимолини кўриб чиқаётганини билдирган.
Муваффақиятсиз ташкилот
Кечаги саммитда Арманистон иштирок этмади. Расмий Ереваннинг мазкур қарори аллақачон маълум бўлганди. Бунга эса ўзига яраша жиддий сабаблар бор. Арманистоннинг КХШТ билан ҳозирги салбий муносабати Қорабоғ билан боғлиқ. Яъни Арманистон ташкилотнинг икки давлати 2020 йилда Қорабоғдаги ҳарбий амалиётлар вақтида Озарбайжонга ёрдам берган деб ҳисоблайди. Бу икки давлат эса кўп эҳтимол билан Россия ва Беларусь бўлиши мумкин. Бунинг ортидан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февраль ойида мамлакатнинг КХШТдаги иштироки музлатилганини эълон қилганди. Март ойида у агар Ереван иттифоқдошларининг Арманистон суверен ҳудуди қаерда жойлашгани ва КХШТ масъулият зонаси қаерда эканлиги ҳақидаги қарашларидан қониқмаса, иттифоқдан чиқишга рухсат берган эди. Пашинян ҳукумати ташкилотдан узоқлашгани эса жорий йил ёзда яққол намоён бўлди. Хусусан, 21 июнь куни Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Ташқи ишлар раҳбарлари кенгашининг Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида иштирок этмади. Энди эса Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг ўзи ҳам Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида қатнашмади. Бу эса Арманистон КХШТдаги иштирокини музлатиш ва жоиз бўлса, келгусида бу блокни расман тарк этиш ниятидан қайтмаганини билдиради.
Аммо Путин Арманистоннинг аъзолиги борасида бирмунча позитив ёндашувга эга эканлиги кўринди. У ташкилот ҳарбийлари Қорабоғдаги зиддият пайтида тутган позициясини, ўша пайтда бу ерда Арманистонга нисбатан хавф йўқ бўлгани билан изоҳлади. Унга кўра, ҳозирча Арманистон ҳали КХШТдан чиқишини эълон қилмаган ва ташкилот саммитининг барча ҳужжатларини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси Президенти Арманистон ташкилотда тўлақонли иштирок этишга қайтишига ҳам шубҳа қилмади. Аммо бу ҳарбий блокда айни дамдаги шароит қай аҳволдалиги кўпчиликка маълум. Буни юқоридаги Арманистон кейси ҳам яққол очиқлаб беради. Бу борадаги Қорабоғ масаласига тўхталадиган бўлсак, ушбу тоғли ҳудуд қайси давлатга тегишли экани ўз йўлига. Аслида бу ер Озарбайжонники эканини кўпчилик инкор қилмайди ҳам. Аммо вазиятга ҳарбий блок ва унинг мақсад-вазифалари призмасидан қаралса, КХШТнинг бу масаладаги қарори паст баҳога муносиб кўрилиши мумкин. Чунки КХШТ каби яна бир ҳарбий блок – НАТО ва унинг асосини ташкил этувчи пактнинг 5-моддасида ташкилотга аъзо давлатларнинг бирига қилинган қарши қуролли ҳужум, уларнинг барчасига қарши қуролли ҳужум деб ҳисобланиши, бундай ҳужумда ҳар бир аъзо давлат зарур деб ҳисоблаган ҳаракатларни, шу жумладан қуролли кучлардан фойдаланишни амалга оширишда ёрдам бериши кераклиги белгиланган. Путиннинг таъкидлашича, КХШТда ҳам шундай. Унга кўра, ташкилот ичидаги ўзаро ёрдам тўғрисидаги бандга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо бу банд ортда қолган йиллар давомида ташкилот ҳаракатлари мисолида ўз аксини топмади ва унинг репутациясига жиддий путур етказди. Балки шунинг учун узоқ йиллардан буён мазкур заиф блокка қўшилиш борасида қатор постсовет давлатлари ҳали ҳам ижобий жавоб бермаётгандир.
LiveБарчаси