Назарбоев ўтган йили Путин билан 2 марта учрашгани маълум бўлди
Олам
−
03 Январь
2527Ўтган йилнинг 13 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин Ново-Огарёвода Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашганди. Бу уларнинг 2024 йилдаги иккинчи учрашуви экани маълум бўлди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Ana tili” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Нурсултон Назарбоевнинг Владимир Путин билан декабрдаги учрашуви ўтган йилдаги иккинчи учрашув бўлди. Куз бошидаги биринчи учрашув ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар берилмаган. Улар, эҳтимол, эски дўстлар ва ҳамкасблар сифатида учрашади, уларда эслаш керак бўлган нарса бор”, дейди Тўқаев.
Шунингдек, у бундай учрашувлар ташаббускори Нурсултон Назарбоев эканини, чунки у учун бу учрашувлар ниҳоятда муҳимлигини айтди.
“Шуни унутмаслигимиз керакки, у Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгашининг собиқ раиси, партия раҳбари, кейин эса суверен Қозоғистон президенти сифатида Кремль билан маънавий ва сиёсий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ. Негаки у Москвада хизмат сафарларида, қурултой ва пленумларда, ишчи ва расмий ташрифларда шунча вақт сарфланган”, дея қўшимча қилди Президент.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон президенти лавозимида ишлаган. 2019 йил март ойида у ўз илтимосига кўра истеъфога чиқди. Июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Қосим-Жомарт Тўқаев ғалаба қозонган эди.
2023 йилнинг январь ойида Қозоғистон парламенти бир овоздан Назарбоевни “Элбоши” мақомидан маҳрум қилди. Шундан сўнг, дарҳол Сенат у Қозоғистон фахрий сенатори бўлмаслигини эълон қилди. Кейинчалик эса парламентда бу унвон бутунлай бекор қилинди. Май ойи охирида собиқ президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланмаслиги маълум бўлди. Илгари собиқ президентни ҳақорат қилган фуқаролар уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинарди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябрь ойида Нурсултон Назарбоев Бухорога келган ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашганди.
LiveБарчаси