Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қуролли тўқнашув юзага келди
Олам
−
13 Сентябрь 2022
6984Озарбайжон Қуролли Кучлари артиллерия ва дронлардан фойдаланган ҳолда Арманистон ҳудудини ўққа тута бошлади, деган иддао билан чиқди бугун, 13 сентябрь куни Арманистон Мудофаа вазирлиги.
“13 сентябрь куни соат 00:05 дан бошлаб Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмалари Горис, Сотк ва Жермук яқинидаги арман позициялари йўналиши бўйича артиллерия, йирик калибрли ўқ отиш қуролларидан интенсив ўққа тута бошлади”, дейилади ҳарбий департамент хабарида.
Қайд этилишича, Озарбайжон томони дронлардан ҳам фойдаланмоқда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, арман ҳарбийларини кенг кўламли провокация уюштирганини билдирди. Бакунинг қайд этишича, 12 сентябрга ўтар кечаси “Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган...”.
“Арманистон Қуролли Кучларининг қўпорувчилик гуруҳлари қоронғуда тоғли ерлар ва мавжуд даралардан фойдаланган ҳолда турли йўналишларда Озарбайжон армияси бўлинмалари позициялари ва таъминот йўллари орасидаги ҳудудларни миналаш ишларини амалга оширди”, дейилади хабарда.
Вазирликнинг қайд этишича, Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмалари томонидан ушбу ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида кўрилган тезкор чоралар натижасида ҳарбий тўқнашув содир бўлган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь