Россия “Орешник” билан зарба бериш учун нишонларни танлаяпти – Путин 

Олам

image

Айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги ва армия Бош штаби "Орешник" гипертовушли зарба тизимидан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудида йўқ қилиш учун "мақсадларни танламоқда". Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 28 ноябрь куни Остонадаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммитида сўз очди.

“Албатта, биз Россия ҳудудига узоқ масофага учувчи Ғарб ракеталари билан қилинган ҳужумга жавоб берамиз, шу жумладан 21 ноябрда бўлгани каби, “Орешник”ни жанговар шароитларда синовдан ўтказишни давом эттирамиз. Айни пайтда Мудофаа вазирлиги ва Россия армияси бош штаби Украина ҳудудида йўқ қилиш учун нишонларни танламоқда. Булар ҳарбий объектлар, мудофаа саноати корхоналари ёки Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари бўлиши мумкин”, деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россияда “Орешник”нинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланган.

 “Аммо охир-оқибат, биз йўқ қилиш учун танланган нишонларнинг табиатига ва Россия Федерацияси учун яратилган таҳдидларга қараб йўқ қилиш воситаларини танлаймиз”, дея қўшимча қилди Россия Президенти.

Унинг таъкидлашича, Россия Ғарбнинг узоқ масофали қуролларини Россия ҳудудида қўллаш НАТОнинг қуролли можарода бевосита иштирок этишини англатишига бир неча бор эътибор қаратган, чунки бу қуроллардан НАТОнинг тегишли давлатларидан ҳарбий хизматчиларнинг бевосита иштирокисиз фойдаланишнинг иложи йўқ.

“Бироқ, можаронинг авж олиш хавфи ҳақида огоҳлантиришларимизга қарамай, ҳудудимизга зарбалар берилди”, деб таъкидлади Путин.

Путиннинг таъкидлашича, Киев “Россия, Санкт-Петербург ва Москвадаги миллий аҳамиятга эга бўлган нишонларга бир неча бор зарба беришга уринган” ва “бу уринишлар давом этмоқда”.

“Бугун кечқурун биз 90 та шунга ўхшаш тоифадаги ракеталар ва 100 та дрон ёрдамида мураккаб зарба бердик. 17 та нишонга зарба берилди: булар ҳарбий объектлар, мудофаа саноати объектлари ва уларни қўллаб-қувватлаш тизимлари. Биз томондан зарбалар Американинг ATACMS ракеталари томонидан Россия ҳудудига давом этаётган ҳужумларига жавобан амалга оширилди. Бир неча марта айтганимдек, ҳар доим биз томондан жавоб бўлади”, деди Россия Президенти.

Путиннинг сўзларига кўра, сўнгги икки кун ичида Россия қўшинлари Америка қуролларининг давомли ҳужумларига жавобан Украина ҳудудида турли тоифадаги 100 та ракета ва 466 та учувчисиз самолётдан фойдаланган.

“Биз сўнгги икки кун ичида Россия ҳудудига ATACMS ракета ҳужумларининг давом этишига жавобан айнан шу қурол тизимларидан фойдаландик. Ҳаммаси бўлиб 100 та тизим, мен айтган турли тоифадаги 100 та ракеталар ва 466 та дрон зарбалари ишлатилган”, деб тушунтирди Президент.

Унинг таъкидлашича, Россия Брянск ва Курск вилоятларига узоқ масофали ракета ҳужумларига жавобан сўнгги "Орешник" гипертовушли ракета тизимини синовдан ўтказишга мажбур бўлган.

“Албатта, дунёда Орешникнинг ўхшашлари йўқ ва менимча, шунга ўхшаш аналоглар яқин орада пайдо бўлмайди”, дея ишонч билдирди Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россияда фойдаланишга тайёр бир нечта “Орешник” ракета комплекслари мавжуд. Ракеталарнинг умумий ишлаб чиқарилиши ҳақида гапирар экан, Путин Россия Федерацияси уларни НАТОнинг барча давлатлари жамлагандан ўн баробар кўп ишлаб чиқараётганини айтди.

"Россия Украинага қанча Ғарб қуроллари етказиб берилгани ва яна қанчасини етказиб бериш режалаштирилаётганини билади", дея қўшимча қилди Россия Президенти.

Остонадаги КХШТ саммитида Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов иштирок этди. 

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида зарба берганди. Бу билан Украина Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллади. 20 ноябрда эса Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги нишонга биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини отгани хабар қилинди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирганди. 21 ноябрь куни Россия ўзининг ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди. 25 ноябрь куни Украина Курск вилоятига ATACMS ракеталари билан ҳужум уюштирди


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин КХШТ Орешник

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг