“Замдекан" талабага жинсий тажовуз қилгани исботланмади, аммо у қамалди
Жамият
−
07 Июнь 2022
20565Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга урингани айтилган факультет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга (1984 йилда Хоразм вилоятида туғилган) нисбатан очилган жиноят иши материаллари судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси Т. Қосимов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Боғабек Йўлдошев Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилинди.
Боғабек Йўлдошев Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўталиши белгиланди.
Шунингдек, манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилган.
Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи, жабрланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у ўтган йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Шу билан бирга, декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев тергов вақтида талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мазкур ҳолатдан сўнг Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қирғизбоев Абдуғаффор Каримжонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланиб, собиқ ректор Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси