Захарова Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатининг бошида бўлиши керак – Расул Кушербоев
Жамият
−
27 Сентябрь
21553Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатининг бошида бўлиши керак. Бундай фикрни собиқ депутат, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев билдирди.
"Биз бирор марта ҳам Россия мактабларида бўлаётган ишларга аралашмаганмиз. Чунки бу мутлақ Россиянинг ўз ички иши. Шу жихатдан Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захаровани Тошкентдаги мактаб воқеасига бурнини тиқиб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётгани шунчаки бир муносабат билан ўтиб кетадиган воқеа эмас", дейди Кушербоев.
Унинг айтишича, "тилидан захар томишдан у ёғига ўтмайдиган" Захарованинг бошқа халқ ва мамлакатлар ички ишларига аралашиши биринчи бор эмас. Қолаверса, яқинда Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида айтган россиялик сиёсатчининг ҳаракатларини изоҳлашда ҳам Захарова Ўзбекистонни камситган.
"Шу боис, яқинда Сенат қабул қилган қонунга асосан, Захаровани "Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати" киритишнинг айни вақти. Рўйхатни ундан бошлаш керак. Токи, бу шахс ўзининг ҳақоратомуз, шовинистик баёнотлари жавобсиз қолмаслигини реал қилсин", дейди Расул Кушербоев.
Қайд этиш жоизки, 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланганди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли рўйхатга киритилади.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 6-синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Мазкур воқеа видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраб, мазкур масала диққат-эътибор марказида тутишини билдирди.
Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элдаги ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) эса расмийлардан Тошкентдаги мактабда ўқувчини урган ўқитувчининг Россия Федерациясига киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўради.
Шундан сўнг, бир қатор ўзбекистонлик расмийлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникатсиялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановлар Мария Захарованинг талабига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни, уни мамлакатни ўзи ўз қонунлари доирасида ҳал қилишини айтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо эса Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрашини, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш беришини талаб қилди.
Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга умумий фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган тақдимнома киритди.
Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Суҳбат давомида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
LiveБарчаси