Россия ўзбекистонлик ўқитувчига мамлакатга киришни тақиқламоқчи
Жамият
−
27 Сентябрь
12890Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элдаги ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) расмийлардан Тошкентдаги мактабда ўқувчини урган ўқитувчининг Россия Федерациясига киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўради. Бу ҳақда агентлик раҳбари Евгений Примаков маълум қилди.
“Россотрудничество ваколатли органларга ушбу “русофоб” шахснинг Россияга киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилади. На бу шахс, на унинг яқин қариндошлари... Улар ҳеч қачон Россияда таълим олмайди, стажировкаларда қатнашмайди ва ўзлари учун ҳеч қандай имкониятга эга бўлмайди, чунки улар Россотрудничество томонидан умрбодга ҳисобга олинади”, дейди у.
Примаковга кўра, Россотрудничество томонидан мактаб ўқувчисини калтаклашни қўллаб-қувватловчи ушбу воқеалардаги ҳар қандай бошқа шахсларга нисбатан, хусусан таълим муассасаси раҳбариятига ҳам, агар улар бу ҳолатни яширса ёки тегишли маъмурий чоралар кўрмаса, худди шундай чора-тадбирларни қўлланилади.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 6-синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Мазкур воқеа видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраб, мазкур масала диққат-эътибор марказида тутишини билдирди.
Шундан сўнг, бир қатор Ўзбекистонлик расмийлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникатсиялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановлар Мария Захарованинг талабига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни, уни мамлакатни ўзи ўз қонунлари доирасида ҳал қилишини айтди.
Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга умумий фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган тақдимнома киритди.
Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Суҳбат давомида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўз интервьюсида бир мамлакатда яшаб туриб, унинг тилини билмайдиганларни “босқинчи ёки аҳмоқ” дея атаганди. Ўшанда ҳам Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков журналист билан ҳар қандай алоқалар тўхтатилиши ва унинг ўзи, қариндошларига Россияга кириш тақиқланиши мумкинлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь