Захарова Украина ва Финляндиянинг НАТОга интилишидаги фарқни айтди

Олам

image

Украина ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишга уринишида фарқлар бор. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.

Бугун, 18 май куни бўлиб ўтган брифингда финляндиялик журналистнинг илтимосига кўра, Украина ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига Россиянинг ёндашувлари тўғрисида фикр билдирар экан, дипломат “НАТОнинг ҳар қандай кенгайиши глобал халқаро нуқтаи назардан таъсир ва аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Захарова Украинанинг НАТОга аъзолиги ва Финляндиянинг тегишли блокка кириши билан боғлиқ маълум “вазиятларда фарқ” борлигини таъкидлади.

“Финляндияда [Украинага ўхшатиб] жуда кўп сонли миллатчи батальонлар борлигини билмайман. [Ёки] Финляндияда Пентагоннинг ўнлаб биологик лабораториялари жойлашган бўлиб, уларда хавфли патогенлар билан тажрибалар ўтказилганини [билмайман]” деб давом этган у.

Захарованинг таъкидлашича, Финляндияда Украинадан фарқли ўлароқ, қуролли тўқнашув зонасига шартнома бўйича ва у сиз ҳам қурол етказиб бериш кузатилмаяпти.

“Бу сўнгги ўн йилликдаги Украина ва Финляндияни нима ажратиб туриши ҳақида қисқа таъриф. Вашингтоннинг қўпол аралашуви туфайли Украинадаги вазият драматик сценарий бўйича ривожланди”, дея қўшимча қилган Захарова.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Финляндия

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг