Расман: Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш учун ариза топширди
Олам
−
18 Май 2022
4774Финляндия ва Швециянинг НАТОдаги элчилари альянсга аъзо бўлиш учун аризаларини расман топширди. Аризани топшириш маросими альянс Матбуот хизмати томонидан онлайн трансляция қилинди.
Қайд этилишича, Столтенберг Финляндия ва Швеция элчилари билан учрашувда НАТО Швеция ва Финляндиянинг альянсга қўшилиш ҳақидаги аризаларини олқишлагани ва имкон қадар тезроқ зарур бўлган барча масалаларни ҳал этилишини таъминлаш ниятида экани ҳамда Болтиқбўйидаги хавфсизлик тизимини мослаштиришини маълум қилган.
"Мен Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш илтимосини илиқ кутиб олдим. Бугун билдирган таклифларингиз тарихий қадамдир. Энди альянс НАТОга кириш йўлидаги кейинги қадамларни муҳокама қилади. Барча давлатларнинг хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олиш керак ва биз барча масалаларни ҳал қилишга ҳамда қабул жараёнини тезда якунлашга қарор қилдик”, дейди у.
Столтенбергнинг қўшимча қилишича, альянс ҳозир “Болтиқ денгизидаги хавфсизлик тизимини мослаштирмоқда”.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.
LiveБарчаси