НАТО Россияга яқинлашади. Финляндия раҳбарлари альянсга қўшилишни маъқуллади

Олам 7199
image

Финляндия имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши керак. Бу ҳақда республика раҳбари маъмурияти томонидан эълон қилинган Президент Саули Ниинистё ва Бош вазир Санна Мариннинг қўшма баёнотида айтилади.

“НАТОга аъзо бўлиш Финляндия хавфсизлигини мустаҳкамлайди. НАТО аъзоси сифатида Финляндия бутун мудофаа иттифоқини мустаҳкамлайди. Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза бериши керак. Умид қиламизки, бу қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган миллий қадамлар келгуси бир неча кун ичида қабул қилинади”, дейилади баёнотда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш бўйича ариза бериш ҳақидаги ҳақиқий қарорни Президент ва Финляндия ҳукумати кейинроқ қабул қилади. Бу масала юзасидан парламент билан маслаҳатлашувлар ҳам ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Финляндия ва Швецияни ўз сафида кўришдан хурсанд бўлишини ва уларга тезроқ қўшилиш имкониятини тақдим этишини таъкидлади. 

Шунингдек, Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси Европада кескинлашувнинг “жиддий хавфини” олиб келиши айтилганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 297
Рейтинг: 3
t
×