Бир хатони икки марта такрорламаймиз – Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши ҳақида
Олам
−
18 Май 2022
14804Анқара НАТО иттифоқчилари Туркиянинг миллий хавфсизлик талабларини ҳисобга олишини ва бу борадаги ёрдамини кутмоқда. Бу ҳақда Анқарада бўлиб ўтган ҳукмрон партиянинг парламентдаги фракцияси йиғилишида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги уруш фонида НАТО Шарқий қанотини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Анқара НАТО иттифоқчиларидан кутаётган ягона нарса Туркия чегараси хавфсизлигини таъминлаш учун ташланган қадамларни ҳурмат қилишдир.
“Мамлакатимиз Шимолий Атлантика альянси доирасидаги мажбуриятларини доимо бажариб келган. Фикримизча, Туркиядан НАТОга аъзолик аризасини қўллаб-қувватлашини кутиш ва шу билан бирга, террорчиларга ёрдам кўрсатиш, бу номувофиқликдир”, дейди Президент.
Туркия раҳбари НАТОнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан аҳамиятини пасайтиришга уринишлар қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
“НАТОнинг кенгайиши биз учун Туркия манфаатларига ҳурмат кўрсатилсагина муҳим. Туркия НАТО миссияларига энг кўп ҳисса қўшаётган давлатлар қаторида. Бироқ, бу биз ҳар қандай ташаббусга сўзсиз рози бўламиз, дегани эмас. Террорчиларни Анқарага топширмасдан туриб НАТОга кириш масаласида (Швеция – таҳр.) биздан қандай ёрдам кутиш мумкин?”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбарининг айтишича, жорий йилнинг 23 май куни делегация НАТОни кенгайтириш мавзусини муҳокама қилиш учун Анқарага келишни режалаштирган.
“Ҳа, деб айта олмаймиз. Шунинг учун сизлар овора бўлиб келманг”, дейди Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, PKK/YPG террорчилари ва уларнинг шериклари ҳамон бир қатор мамлакатлар кўчаларида очиқ-ойдин кезиб юрибди, полиция уларни ҳимоя қилиб турибди.
“Сўнгги пайтларда Франция, Германия, Голландия, Швеция, Швейцарияда содир бўлган воқеаларни (PKK шерикларининг ҳаракатлари – таҳр.) эслаш ўринлидир. Қандай қилиб бунга кўз юма оласиз? Швециядаги сўнгги воқеалардан сўнг биз 30 нафар террорчини ўзимизга топширишни талаб қилдик, аммо Стокгольм бизга рад жавобини берди. Террорчиларни Туркияга топширмасдан туриб, улар Анқарадан НАТОга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлашини кутишадими?”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўған, НАТОнинг биринчи навбатда хавфсизлик номи билан тузилган ташкилот эканлигини таъкидлади.
“Биз Иттифоқнинг моҳиятини қадрсизлантиришга уринишларга “ҳа” деб айта олмаймиз. Бу хато бир марта Греция НАТОга қўшилганида ҳам қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, Греция ва Франция Иттифоқдан чиқди ҳамда бу давлатларнинг аъзолигини тиклаш масаласи туғилганда, афсуски, биз бу қарорни маъқулладик. Туркия бир хатони икки марта такрорламайди”, дейди Президент.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди.
LiveБарчаси