ЙПХ, ППХ ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан таклифлар тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимларининг хизмат йўналиши ва ҳудудидан қатъи назар аҳоли мурожаатига тезкор муносабат билдириши жуда муҳим. Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқбузарлик омилларини барвақт аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш энг самарали профилактика ҳисобланади.

Шу билан бирга, жиноятчиликни баҳолашда рақамлар ва кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан тўлиқ воз кечилмагани кўрсатиб ўтилган. Шу боис, криминоген вазиятни баҳолашда фақат статистик кўрсаткичларга таяниш эмас, балки аҳоли ишончи, ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиши, хавф гуруҳидаги шахслар билан ишлаш натижадорлиги асосий мезон бўлиши зарурлиги қайд этилган.

Тақдимотда жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари “аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим” тамойили асосида белгиланиши таклиф қилинган. Бош мақсад – аҳолининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан розилиги ва ишончига эришиш.

Бунинг учун профилактика инспекторлари, йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари фаолиятини ўзаро уйғунлаштириш, уларнинг аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш борасидаги вазифаларини ягона тизимга бирлаштириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда айрим функция ва ваколатларни патруль-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига, жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатларни эса йўл-патруль хизматига бериш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энди айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги қўриқлаш хизматининг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилиши ҳақида хабар берилган эди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг