“Йил имоми – 2024” ғолиби аниқланди. Унга Ҳаж йўлланмаси берилди
Жамият
−
14 Ноябрь
7247Ўзбекистондаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар ўртасида кеча, 13 ноябрь куни бўлиб ўтган “Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг якуний босқичида “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобур домла Насриддинов 1-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Қайд этилишича, танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашган. Мусобақа иштирокчиларига Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволлар берилган. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган ишлари ва ОАВларда эълон қилинган ижодларини намойиш этган.
Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб деб топилган:
1-ўрин – Наманган вилояти “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобур домла Насриддиновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 миллион сўм пул мукофоти;
3-ўрин – Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 миллион сўм пул мукофоти берилган.
Бундан ташқари, танловнинг “Йилнинг энг фидоий имоми” Қорақалпоғистон Республикаси “Мулла Исҳоқ” жоме масжиди имом-хатиби Олтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти “Мирҳошим бобо” жоме масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этган.
Эслатиб ўтамиз, “Йил имоми – 2023” кўрик танлови ғолиблигини Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов қўлга киритганди ва унга ҳам Ҳаж сафари йўлланмаси топширилганди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь